Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани азалдан ҳунарманд ва тадбиркорлари билан ном қозонган. Яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами арафасида туманда кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини бошлади.

Қувонарлиси, мазкур корхоналар мамлакатимиз саноати ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиш билан биргаликда, аҳолининг бандлигини ҳам таъминламоқда.

27 август куни иккита ана шундай ишлаб чиқариш обьектларининг очилиш маросими бўлиб ва яна бир ана шундай корхона қурилиши бошланди.

Тумандаги “Бувайдо” маҳалласида “Эделвейс” жамияти томонидан барпо қилинган калава-ипни бўяш корхонаси фаолиятини бошлаши билан 60 нафар аҳоли вакиллари иш жойига эга бўлишди. Улуғбек Бобожонов бошчилигидаги корхона амалга оширган лойиҳа қиймати 13,2 миллиард сўмга тенг бўлиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланган маскан йилига 3,6 минг тонна бўялган калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга.

“Янги вахим” массивида эса “Шаҳрихон барака газ” жамиятига қарашли барча турдаги пойабзаллар ва сунъий мўйна ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятга киришди. Тадбиркор Авазбек Баҳрамов раҳбарлик қилаётган ушбу масканнинг лойиҳа қиймати 360 минг АҚШ доллари ва 2,5 миллиард сўмни ташкил этади. 120 та ишчи ўрни яратилган корхонада йилига 1,5 миллион жуфт пойабзал ва 475 минг метрдан зиёд сунъий мўйна ишлаб чиқарилади.

“Янги вахим” массивида яна бир 500 нафар ишчи ўрнига эга бўлиши кўзда тутилаётган тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхона қурилишига  маҳалла оқсоқоллари дуоси билан рамзий қозиқ қоқилди. “Меҳригиё феруз юлдузи” жамияти раҳбари Абдулҳамид Хурбоев ушбу лойиҳага 2,9 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилгани, корхона ишга тушгач, йилига 40 минг дона тайёр кийимлар ишлаб чиқаришини билдирди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ишлаб чиқариш обьектлари очилиш маросимида иштирок этиб, иш жараёни билан танишди ҳамда тадбиркор ва ишчиларга муваффақиятлар тилади. 

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон