Дунёнинг суперқудратли давлатларидан бирини бошқариш, айниқса, президент сифатида барча масъулиятни ўз зиммасига олиш ҳар қандай сиёсатчи учун бағоят катта вазифа ҳисобланади. Катта масъулият эгаси қанча ойлик олади? АҚШ маҳаллий қонунчилигида белгиланганидек, амалдаги президент йилига 400 минг АҚШ доллари миқдорида маош олиши белгиланган. Шунингдек, маиший сарфлар учун 50 минг АҚШ доллари, чет эл сафарларига 100 минг АҚШ доллари (солиққа тортилмайди), турли хил учрашув, тадбирларни ўтказиш учун 19 минг АҚШ доллари ҳам ажратилади. Мамлакат тарихида айрим ҳолларда президентнинг 1 доллар маош билан фаолият олиб бориши кузатилган. Қонунчиликка кўра, президент текин маош билан фаолият юритиши мумкин эмас, лекин бой ва тадбиркор сиёсатчилар бунинг йўлини ўйлаб топишган. Амалдаги президент Доналд Трамп ҳам давлат учун энг минимал маош эвазига ишлайди, белгиланган маош суммасини эса онкологик касаллиги бор болаларга, турли хайрия акцияларга ўтказиб беради. Лекин Оқ уйни тарк этган давлат арбоби қандай қилиб сердаромад бўлиб қолади?

Федерал қонунларга кўра, собиқ президент умрбод лоббизм билан шуғулланиши мумкин эмас. Мақсад собиқ давлат раҳбарининг турли ҳокимият институтидаги алоқалари ғаразли йўлда ишлатилишига имконият қолдирмасликдан иборат. 1946, 1995 ва 2007 йилларда ишлаб чиқарилган шу мазмундаги қонун лойиҳаси ижодкорларининг фикрича, бундай ҳаракат АҚШ миллий манфаатларига путур етказади.

Лекин қонун меъёрларида собиқ президентнинг жамоатчилик ишлари билан шуғулланишига оид тақиқ мавжуд эмас. ХХ асрнинг иккинчи ярмидан амалда барча собиқ президентлар бир финжон қаҳва устидаги суҳбатни пуллаб келган. Менежер, бухгалтер ва адвокатлар бундай учрашувларни шахсий мулоқот сифатида кўрсатиб ўтади ва маслаҳатлашув сифатида қайд этилмайди. Учрашувда собиқ президентдан дастхат, суратга тушишни сўрайдиганлар, қизиқарли ҳикояларни эшитишни хоҳлаганлар кўп учраб туради.

Собиқ амалдор билан суҳбатнинг нархи турли омилларга кўра ўзгариб туради, жумладан, унинг глобал сиёсатга таъсири, «меросида» ҳамда даврида юз берган муаммолар, рейтинглар ва шахсий қизиқишлар шулар сирасидандир. Айтиб ўтиш жоизки, собиқ президентлар ичида Рональд Рейган ва Жорж Герберт Уокер Буш "Совуқ урушида”ги ғалаба туфайли ҳам анча машҳур. Рейган ҳақида кўплаб китобларнинг муаллифи Кирон Скиннернинг айтишича, Ронни, деярли ҳар куни, бизнес элита вакиллари билан учрашган. Расмий маълумотга кўра, Оқ уйни тарк этган Роналднинг "Роналд ва Нэнси Рейган” фондига 30 миллион АҚШ доллари келиб тушган.

"Финжон қаҳва лоббизми“дан ташқари, собиқлар университетда маъруза ўқиш, медиада чиқиш қилиш билан даромад қилади. "Аҳмоқона жасорати” учун медиа вакиллари Никсон (Уотергейт иши), Л.Жонсон (Вьетнам уруши), Билл Клинтон (Моника ҳақида ёлғонлари), кичик Буш (Афғон ва Ироқ уруши) кабиларга катта гонорар тўлайди. Британиялик Дэвид Фрост 200 минг АҚШ доллари эвазига Ричард Никсондан интервью олишга муваффақ бўлади. Ана шунда Ричард америка халқи олдида кечирим сўрайди. Клинтонлар оиласи турли тадбирларда, университет ва конференцияларда нутқ билан чиқиш қилиб, 153 миллион АҚШ доллари ишлаб топган.

Медианинг йирик таклифларини инкор қилиб, барча собиқ президентлар орасида кичик Буш рекорд ўрнатган. Обама эса барча босма материаллари, президентлик даврида ёзилган мемуари учун 30 миллион АҚШ доллари қабул қилган. Унинг рафиқаси Мишел 10 миллион АҚШ доллари эвазига янги асарни тугатиб бериши режалаштирилган. Барак Обама тез орада 8 йиллик мамлакат бошқарувида тўпланган ҳужжатлар йиғилган кутубхонани очишни, илмий тадқиқот маркази барпо этилишини маълум қилганди. Обамалар оиласи умуман 240 миллион АҚШ доллари ишлаб топган. Бу сумма ҳозирча Клинтон ва кичик Бушнинг умумий топган пулларидан кўра кўпроқ маблағларни ташкил этмоқда.