Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 28 августда Афғонистон, Покистон ва Хитой қуролли кучлари бош штаблари бошлиқлари билан учрашди. Учрашувлардаги бош мавзу Афғонистондаги вазият, жумладан Афғонистон, Хитой, Тожикистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик тизимини яратиш бўлди.   

Раҳмоннинг Афғонистон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Шариф Яфталий билан учрашувида Афғонистон билан кўп томонлама муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш Тожикистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб аталди ва Тожикистон Афғонистон билан барча манфаатли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори эканлиги таъкидлаб ўтилди. 

Учрашувда, шунингдек, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Афғонистон ўртасида 4 томонлама тизимни яратиш муҳим чоралардан бири сифатида айтилди ва бу ташаббуснинг имкони борича тезроқ амалга оширилиши Афғонистондаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиши қайд қилиб ўтилди.

Раҳмоннинг Хитой қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Ли Зо Чен билан учрашувида Тожикистон ва Хитойнинг ҳарбий-техник ҳамкорлиги ва хавфсизлик бўйича ўзаро ҳаракатлари жорий ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди. Тожикистон ва Хитойнинг террорчилик, радикаллик ва айирмачиликка қарши курашдаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлигининг муҳимлиги таъкидлаб ўтилди.

Тожикистон президентининг Покистон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Камар Жовид Бажву билан учрашувида кўплаб давлатлар, айниқса мусулмон давлатларда барқарорсизлик ва нотинчлик билан боғлиқ ҳамда бошқа кўплаб муҳим халқаро масалалар кўриб чиқилди.

Тожикистоннинг барча давлатлар, жумладан Покистон билан ҳамкорлигининг асосий йўналишларидан бири минтақавий ва халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ва уни мустаҳкамлаш ҳисобланиши таъкидланди.

Учрашувда Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазиятни нормаллаштириш, террорчилик ва экстремизмга қарши кураш, давлат чегараларини мустаҳкамлаш йўналишида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилган.