Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида вужудга келган ва узоқ вақтлар давомида ўз ечимини топмаётган жиддий ва мураккаб муаммолардан бири — ёшларнинг катта қисми демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнидан четда қолиб кетаётганлигига жамиятимиз эътиборини қаратиши — бу халқимиз ҳаётига қўшимча тоза ҳаво кириб келишидан далолатдир.

Анъанавий тарзда республикамиз учун муаммоли ҳисобланган мураккаб демографик ҳолат жаҳон молиявий инқирози таъсирида яна ҳам кескинлашди ва аҳоли таркибида уюшмаган ёшлар қатлами, деб аталадиган ижтимоий воқеликни вужудга келтирди. Глобал инқироз асоратларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ушбу омил етарли даражада инобатга олинмаганлиги, инвестициялар, биринчи навбатда, юқори материал ва энергия сиғимига эга бўлган соҳаларга жалб этилгани, ички бозорни сифатли ва чўнтакбоп маҳсулотлар билан тўйинтириш, меҳнат сиғими юқори бўлган енгил саноат корхоналарини ривожлантиришга иккинчи даражали вазифа сифатида қараш, мамлакатимиз меҳнат бозоридаги мувозанатнинг бузилишига олиб келди.

Бунинг исботи сифатида қуйидаги мисолни келтириш мумкин. Агар мустақилликнинг дастлабки йилларида 17 та саноат корхонаси йилига 30 миллион жуфт пойафзал ишлаб чиқарган бўлса, 2016 йилга келиб «Ўзбекчармпойафзали» АК корхоналари томонидан 3 миллион жуфтга яқин пойафзал ишлаб чиқарилган. Жумладан, Самарқанд пойафзал фабрикасида 20 йил олдин 2 мингга яқин киши иш билан банд бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб 1,5 гектарда жойлашган ва ихтисоси ўзгарган корхонада 30 кишига яқин одам ишламоқда.

Аҳолининг ярмидан кўпроғи қишлоқ жойларда яшаши инобатга олинмаганлиги, аграр соҳага илмий асосланган эркин иқтисодий муносабатларни қатъият билан жорий этилмаганлиги ҳам вужудга келган ҳолатнинг асосий сабабларидандир.

Қишлоқ хўжалигининг ташкилий секторида аҳолининг атиги 15 фоизи банд эканлигини, шу билан бирга қишлоқ туманларидаги агросаноат корхоналарининг аксарияти тўхтаб қолганлигини ва ушбу соҳа томонидан аҳолини қамраб олиш даражаси жуда паст эканлигини эътироф этишдан бошқа илож йўқ. Аграр соҳадаги камчиликлар ўта мураккаб ва оғир номутаносибликнинг вужудга келтирганлиги, яъни мамлакат аҳолиси ўз даромадларининг 60 фоиздан кўпроғини озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга сарфлашга мажбур бўлаётганини тан олиш лозим, бу эса бошқа меҳнат сиғими юқори бўлган соҳалар ривожига салбий таъсир этмоқда.

Иқтисодий масалаларни бозор муносабатлари нуқтаи назаридан эмас, балки марказлашган, режали иқтисодиёт нуқтаи назаридан ёндашиш турли номутаносибликларни келтириб чиқарди. Жумладан, пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларининг аксарияти агроном ва бухгалтерсиз ишлаётгани, натижада пахта ҳосилдорлиги пасайиб кетишига нима сабаб бўлаётганини тушуниб олиш қийин эмас.

Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, ЯИМнинг мавжуд йиллик ҳажми ва шаклланган таркибий тузилиши доирасида республикамизнинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг фақат 70 фоизини (ҳаётий эҳтиёжларни етарли даражада қондиришга етадиган иш ҳақи тўлаш шарти билан) иқтисодиётнинг ташкилий сектор корхоналари билан қамраб олиш мумкин.

Тўқимачилик корхоналарида ишлайдиган минглаб ишчиларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 450 минг сўм атрофида бўлиб, оилали ёшларга бу маош билан рўзғор тебратиш қийин кечаётганини инобатга олиб, иш ҳақини кўтариш масаласини ҳал этиш лозим.

Кенг жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган масаланинг долзарблиги шундаки вужудга келган вазиятда жиноятчиликнинг ўсиб боришини олдини олиш, ёшларнинг турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқиш, уларнинг дунёқараши, сиёсий онги ва тафаккурини ўзгартириш йўли билан эртанги кунга ишонч ҳиссини туғдириш ва фуқаролик фаоллигини оширишдан иборат.

Уюшмаган ёшлар ижтимоий қатлами деган атама ортида қанчалик жиддий муаммолар ётганлиги, вазиятни ўзгартириш учун шу пайтгача амалиётда қўлланиб келаётган анъанавий ёндашувларнинг самара бермаслигини тан олгандан кейингина чора тадбирлар ишлаб чиқилса ва амалга оширилса натижадорликка эришиш мумкин. Уюшмаган ёшларга нисбатан олиб бориладиган маданий, маърифий, тарбиявий ишларнинг самарадорлигига эришиш ва уларда эртанги кунга ишонч ҳиссини туғдириш мақсадида фикримча, қуйдаги ишларни амалга ошириш лозим:

Биринчидан, кундан кунга кучайиб бораётган инфляцияни жиловлашга қаратилган чора-тадбирларни жадаллик билан амалга ошириш, ушбу мақсадда томорқаларда маҳсулот ишлаб чиқариш ва қорамол сонининг камайиб бораётганлиги сабабларини чуқур ўрганган ҳолда қишлоқ ёшларига моддий-техник ёрдам бериш кўламини кенгайтириш, маркетинг тадқиқотлари асосида суғориладиган ерларда қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришни қайтадан кўриб чиқиш, кўп укладли аграр иқтисодиётни, жумладан, пахта етиштиришга ихтисослашган комплекс механизациялашган давлат агросаноат бирлашмаларини барпо этиш;

Иккинчидан, аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган, жумладан ун, ўсимлик ёғи, кир совунига савдо устамасини чеклаш йўли билан чакана нарх белгилаш амалиётини жорий этиш ва шу йўл билан кишиларнинг, жумладан уюшмаган ёшларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

Учинчидан, таълим ва соғликни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида коррупцияга қарши ва адолат муҳитини яратиш мақсадида бошланган хатти-ҳаракатларни кундан-кунга кучайтириш ва мантиқий якун топишига халқни ишонтириш;

Тўртинчидан, чекланган ишлаб чиқариш ресурсларини вилоятларнинг алоҳида танланган туманида эмас, балки барча қишлоқ жойларини комплекс ривожланишига хизмат қиладиган иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш.

Бешинчидан, коллежлар шароитини таълим соҳасидаги янги вазият нуқтаи назаридан ўрганиб чиқиш ва уларнинг мос келадиган биноларида саноат корхоналари, жумладан, тикувчилик, пойафзал, мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарнинг филиалларини ташкил этиш;

Илҳом Вафаев,
иқтисодчи, Самарқанд шаҳри