Қирғизистон Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш масалалари билан шуғулланувчи идоралар раҳбарларининг тўққизинчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Р.Жўраев ҳамда Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазири В.Пучковнинг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. 

Учрашув давомида, Р.Жўраев Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайиб, мустаҳкамланаётганлиги, хусусан, 1998 йилнинг май ойида икки давлат ҳукуматлари ўртасида фуқаро мудофааси ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олидини олиш ва оқибатларини бартараф этиш соҳасидаги ҳамкорликка оид келишув – юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш ва оқибатларини бартараф этиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганлигини таъкидлади.

2001 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ходимлари Россия Федерацияси Фуқаро муҳофазаси академиясида таълим олиб, вазирликнинг масъул лавозимларида хизмат қилмоқдалар.

Учрашув давомида, икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистон вакиллари томонидан йўриқчи-қутқарувчиларнинг малакасини ошириш, соҳа бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқотлар олиб бориш, ўқув муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ўртасида тажриба алмашиш, малака ошириш курсларини ташкил қилиш, аҳолини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш ва ўқитиш, ахборот хизмати фаолиятини ташкил этиш соҳаларида тажриба алмашишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, Россия Федерацияси ҳудудида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида фавқулодда вазиятлар содир бўлганда, уларга зарурий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш мақсадида: Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятларда бошқарув миллий маркази ва Ўзбекистон Республикаси ФВВ, Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази ўртасида янада фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш заруриятига эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Россия Федерацияси Фуқаро мудофааси, фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш вазирлиги ўртасида 2018 2019 йилларга мўлжалланган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича тадбирлар режаси имзоланди.