Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2018 саралаши доирасида 31 август куни Хитой терма жамоасига қарши ўтказадиган сафар ўйини «Спорт» телеканалида жонли эфирда намойиш этилмайди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали сайти хабар қилди.

Хабарда ушбу ўйин тўғридан-тўғри мундиал йўлланмасини қўлга киритиш йўлида ўзининг долзарблиги билан аҳамиятли экани таъкидланиши билан бирга, учрашув Ўзбекистонда жонли тарзда намойиш этилмаслигига сабаб ҳам келтирилган.

«Хабарингиз бор, 31 август куни соат 16:00дан Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига бағишланган тадбир бошланади. Хитой – Ўзбекистон ўйини эса Тошкент вақти билан соат 17:00га белгиланган.

Терма жамоалар ўртасидаги учрашув «Спорт» телеканали орқали ёзиб олинган ҳолда, байрам тантаналари тугаши билан (соат 18:30 ларда) эфирга узатилиши режалаштирилган», дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 25 август куни Ўзбекистон терма жамоасининг Қирғизистонга қарши ўйини ҳам телевидениеда намойиш этилмаган ва бу мухлисларнинг норозиликларига сабаб бўлганди.