Умр аталмиш неъмат жуда ҳам қисқа даврки, бунда кимдир ўзидан яхшилик қолдиришга улгуради, яна кимдир эса бунинг акси. KUN.UZ сайти халқимиз мурожаатларини ўрганиш асносида жойларда ёрдамга муҳтож бўлган инсонларга ҳам озми-кўпми ўз кўмагини бериб келмоқда. Куни кеча ижодий гуруҳнинг Бўка ва Бекобод туманларига сафарида ана шундай ёрдамга муҳтож бўлган бўкалик Нодиржоннинг ҳолидан хабар олдик. 

Бизга Нодиржон ҳақида унинг дўсти Шерзод Каримов хабар берди. Нодиржон ҳали мактаб ўқувчиси. Келажакда ҳарбий бўлмоқчи, ўз Ватани учун хизмат қилиш орзусида. Аммо кутилмаганда оёғига чирмовуқдек ёпишган дард уни орзуларидан олисга олиб кетмоқда. Уларнинг хонадонига кирар эканмиз, Нодиржоннинг умидли нигоҳи билан кўча томонга қараб турганига гувоҳ бўлдик. Нигоҳи дарддан халос бўлиш учун нажот кутмоқда.  

“Ҳозир 9-синфга ўтди. Март ойидан бошлаб оёғи оғришни бошлади. “Оёғим охиригача букилмаяпти” деб юрди. Футболга борарди. Қарасам йиқилмаган, урилмаган. “Чарчаган бўлсанг керак” дедим, сабаби тиним билмасди. “Камолот”да, мактабида етакчи, фаол эди. Озгина эътиборсизлик қилдик. Кейин ўзимизда рентгенга туширганимизда, тўқималар шамоллаган бўлиши мумкин, дейишди. Бир ҳафта уқаладим. Сўнг Тошкентга бордик, сабаби оғриқ қолмаганини айтди. 

Тошкентда бизни онкологияга юборишди, у ерда эса рақамли рентгендан ўтдик – суякнинг емирилиши дейишди. Яна бир шифокорга кўрсатганимизда у ҳам шу ташхисни айтди. Сўнг МРТ қилдирдик, бунда ҳам онкологияга йўлланма, деб ёзиб беришди. Республика онкология марказига бордик, у ерда тегишли суратларни олишди. 3 курс кимё терапиясини олдик, бу жараёнда оёғидаги безлари, шишлар кетди. Бироқ, 3-курсга келиб ўзининг аҳволи ёмонлашиб қолди, сочлари тўкилиб кетди, жигарига таъсир кўрсата бошлади. Орада ҳиндистонлик шифокорларнинг кўригидан ўтказдик, улар ҳозир олиб борасизлар, деди. Бунга 16 минг АҚШ доллари кетади, лекин очгандан сўнг биламиз, дейишди. Бизда ҳужайраларни кўрсатадиган тегишли қурилма йўқ экан. Ўша қурилма орқали фарзандингизни тўлиқ текширувдан ўтказамиз, қаердадир яна бўлса, ўша ерни ҳам очишга тўғри келади, харажатлар сал кўпайиши мумкин, дейишди. 

Ҳозир кимё терапиясига олиб бормай қўйдик, табибга бормоқдамиз. Табибдан кейин ранггига-ранг кириб, иштаҳаси очилди. 10 кундан сўнг мультиспираль компьютер томографиясига олиб борамиз. Агарда бир сантиметрга қисқарган бўлса, унинг дорисини ичираман. Аксинча бўлса четга ҳаракат қиламан. Табиб ҳам барибир жарроҳлик амалиёти ўтказиш кераклигини айтмоқда, лекин кичрайсин, деди. Бу ердагилар кесиб, суяк қўйиб, 6 ойдан сўнг бўғим қўямиз, дейишди. Ҳиндистонда эса ҳозир олиб келсангиз, ўша заҳоти қилиб, жўнатамиз, дейишган”, - дейди Нодиржоннинг онаси Ҳилола Қутбиддинова.

Нодиржоннинг ўзининг сўзларига кўра, ҳозирда ўзини яхши ҳис қилмоқда. “Катта бўлганимда ҳарбий бўлишни мақсад қилганман. Бу ниятимдан қайтганим йўқ. Ўртоқларим ҳам келиб туришибди”, - дейди у.

Муштипар онанинг сўзларига кўра, Ёшлар иттифоқига боришганида керакли дори чет элда борлигини айтишган. Бироқ, Ўзбекистонда ҳам бор экан, дорихоналардан топиб беришади. 

“Аммо ўшанда бу дорини ололмадик, имкониятимиз йўқ эди. Маҳаллага кирганимда, бир ойда 200 минг сўм бера оламиз, дейишди. Ўшанда ҳам у ҳисобда туриши керак экан. Ёшлар иттифоқи вакиллари келиб, ёрдам қиламиз, деб кетишди. Бу вазиятга тушишни ҳеч ким раво кўрмайман. Ҳеч кимнинг фарзанди касал бўлмасин”, - дейди она.

Нодиржонга руҳан далда бўлдик. Уни келажак сари интилиб яшашга ундадик. Бироқ айни кунда унга энг муҳим нарса - мураккаб жарроҳлик амалиёти. Улар Германияда мазкур жарроҳлик амалиётини ўтказишни режа қилмоқда. Азизлар, келинг, бебаҳо яхшилик ва савоб неъматига дахлдор бўлайлик. Қўлимиздан келган, имконимиз борича ёрдам берайлик. Арзимаган маблағингиз азим мукофотлар олиб келсин! 

Биз Нодиржон билан боғланиш мумкин бўлган маълумотларни илова қиламиз:

Пластик карта орқали: (Click, Payme) 

Қутбиддинова Ҳилола - “Агробанк” – 8600042392965785

Телефон рақами: (+99890) 333 81 10