Британиялик актёр Эд Скрейн «Хеллбой»ни тарк этди, дея хабар беради CNN. Манбага кўра, актёр ўз қаҳрамонининг "осиёлик келиб чиқишга эга экани"ни билгач, шундай қарор қабул қилган. 

Скрейн «Тахтлар ўйини» сериали ҳамда «Ташувчи: Мерос» ва «Дэдпул» каби фильмлари орқали танилган.

Актёр «Хеллбой»нинг янги версиясида майор Бен Даймио ролини ижро этиши керак бўлган. Скрейннинг сўзларига кўра, у ролга розилик берганида персонажининг тарихини билмаган, бироқ энди ўзи тўғри деб билган йўлни тутиши керак.

Актёрнинг таъкидлашича, унинг актёрлар сафидан кетиши тўғри кастинг учун йўл очади. 

Фильм яратувчилари Скрейннинг беғараз қарорини қўллаб-қувватлашди ва Даймио ролига мос актёрни топишга ваъда беришди. 

Сўнгги вақтларда фильм ва сериаллар яратувчиларини ролларга асосан оқ танли актёрларни таклиф қилаётганликлари учун танқид қилишмоқда. Баъзи изоҳловчиларнинг фикрича, айрим роллар осиёлик келиб чиқишга эга актёрлар томонидан ижро этилиши керак. Масалан, Тильда Суинтон иштирокидаги «Доктор Стрэнж» ва Финн Жонс иштирокидаги «Темир мушт» сериалида шундай ҳолатлар кузатилди.