Forbes журнали Россиянинг энг бадавлат аёллари рейтингини тақдим этди. Журналнинг топ-рўйхатига кирган 25 нафар россиялик аёлнинг умумий молиявий аҳволи деярли 7,3 миллиард долларга етади, бу 2016 йилнинг худди шу кўрсаткичидан 25 фоизга кўп демакдир. 

Энг бадавлат россиялик аёллар рўйхатида Москва шаҳрининг собиқ мэри Юрий Лужковнинг турмуш ўртоғи, Inteco Management президенти Елена Батурина етакчилик қилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, унинг молиявий ҳолати ўтган йилгига нисбатан 100 миллион долларга камайиб, 1 миллиард долларни ташкил қилди. Нашрга кўра, Батурина мамлакатнинг энг бадавлат кишилари рўйхатида 90-ўринни эгаллайди, шу билан бирга у дунёнинг энг бадавлат хонимлари рўйхатидан жой олган ягона россиялик аёл ҳисобланади. Бу рўйхатда Батурина 1940-ўринда қайд этилган.

Елена Батурина Ирландия, Австрия, Чехия ва Россиядаги тўрт меҳмонхонани бошқаради, шунингдек Европа ва АҚШдаги турли инвестицион фондларда иштирок этади. Бундан ташқари, аёл Италия ва Грецияда қайта тикланувчи энергия сотувлари бўйича лойиҳасини ривожлантиришда давом этмоқда. 

Россиянинг энг бадавлат аёлларидан иборат Топ-10 рўйхатига шунингдек 450 миллион доллар маблағга эгалик қилувчи «Прогресс Капитал» компаниясининг директорлар кенгаши аъзоси Ольга Белявцева, Wildberries интернет-дўконининг бош директори Татьяна Бакальчук (420 миллион доллар),  Андрей Гурьев хайрия фондининг бошқарув кенгаши аъзоси Евгения Гурьева (400 миллион доллар), НОВАТЭК бошқарув раиси ўринбосари Татьяна Кузнецова (400 миллион доллар), «Содружество» гуруҳи ҳаммуассиси Наталья Луценко (400 миллион доллар) ва Иркутск нефть компанияси бош директори Марина Седих (350 миллион доллар) киритилган. Россиянинг энг бадавлат хонимлари ўнлигининг сўнгги сатрида ишбилармон Роман Абрамовичнинг собиқ турмуш ўртоғи Ирина Абрамович номи қайд этилган, унинг бойлиги 300 миллион долларга баҳоланди.