Исландияда отларнинг расмий рўйхатини юритишга масъул қўмита от эгаси ўз отини хорижий ном билан рўйхатдан ўтказмоқчи бўлгандан сўнг янги қарор қабул қилди, деб хабар бермоқда “Би-би-си”.  

Исландиянинг баъзи нашрлари бундай қўмитанинг мавжудлигидан ҳайрат билдираётган бир вақтда, маҳаллий ОАВ Исландия отлари уюшмалари халқаро федерацияси (FEIF) яқинда отларни расмий базага киритиш учун уларнинг исмлари исландча бўлиши лозимлиги ҳақида янги қарор қабул қилганини маълум қилди.  

Маълум қилинишича, ушбу қарор уч ёшли Мосан номли бияни рўйхатга олишдан бош тортилгандан сўнг қабул қилинди. Сабаби унинг номи “исланд грамматикаси қоидаларига” зид келар экан. 

Таъкидланишича, бу қоида от эгаси уни сотиш ёки кўпайтиришга мўлжалланган маълумотлар базасига киритишни истасагина қўлланиши мумкин. Бошқа ҳолларда исландияликлар отларини ўзлари истаган ном билан аташлари мумкин.