Қашқадарё вилоят ИИБда жорий йилнинг 17 август куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишидан кейин бир қатор ижобий ишлар йўлга қўйилди. 

Ўзбекистон  Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 17 август куни “Ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифалар”ларга бағишлаб  ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўрсатиб ўтилган танқидий муаммолар ва вазифаларни келгусида ижросини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар олдини олиш, халқ фаровонлиги йўлида кечаю кундуз хизмат қилиш мақсадида, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан  ҳамкорликда  аниқ чора тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, амалга ошириб келинмоқда.
Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси хабар берди.

Вилоятдаги жами 730та маҳалла фуқаролар йиғинларида “Жамоатчилик  назорат  масканлари” босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Ушбу масканларнинг вазифаси шу маҳаллада рўйхатда турмаган бошқа вилоят ва шаҳар туманлардан келган, бегона автотранспорт  воситалари ҳамда маҳаллада яшамаётган бегона фуқароларни қайд этиб, улар тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиш ва келишининг мақсадлари ўрганиб, масканда юритилган “Автотранспорт воситаларни қайд этиш,  “Фуқароларни рўйхатга олиш” ҳамда “Навбатчиликни топшириш ва қабул қилиш” китобларида қайд этиш чоралари кўрилмоқда. “Жамоатчилик назорат масканлари” кеч соат 19.00дан эрталаб соат 06.00гача иш вақтлари белгиланиб, уларнинг хизматларига доир йўриқнома ва вазифалари ишлаб чиқилди.

Ҳар бир “Жамоатчилик  назорат  масканлари”да кунлик ишларни таҳлил қилиш ва назорат қилиш туман-шаҳарларда ташкил этилган тўртта сектор раҳбарларига юклатилиб, улар томонидан маҳалла фаоллари томонидан навбатчиликка жалб этилган фуқароларни ўрганиш вазифалари юклатилган. 

Ушбу жамоатчилик масканларида ишни тизимли ва самарали йўлга қўйиш учун маҳалла фуқаролар йиғин раислари, ҳудудий таянч пунктлари профилактика инспекторлари масъулияти белгиланиб, жамоатчилик назорат масканларида ҳар бир кўчаларда 100та хонадонга 2 нафардан “Жамоатчилик  назорат  масканлари”да хизмат олиб борувчи гуруҳлар шакллантирилиб, ушбу гуруҳларга умумий раҳбарликни олиб бориш вазифалари ҳозирги кунда вилоятда фаолият олиб бораётган жами 723 нафар “Маҳалла посбонлари” сардорларига  юклатилди.

“Жамоатчилик назорат масканлари”да хизмат олиб бораётган жамоатчилик вакилларига керакли шарт-шароитлар яратилиб, 2 нафардан жамоатчи вакилларга “Жамоатчилик вакили” ёзувли қўл белбоғлари, 2 дона видеокузатув камералари, хизмат ҳудудида ҳаракатланиш мақсадида, вилоят маҳалла жамғармаси ҳисобидан 1 донадан велосипедлар, вилоятдаги жами 723 нафар “Маҳалла посбонлари”га махсус кийим бошлар ва хизмат гувоҳномалари ягона шаклда ишлаб чиқилиб таъминланди.

730та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларини қамраб олиш ва “Жамоатчилик назорат маскан”лари иш самарадорлигини ошириш мақсадида, ҳудудларда фаолият олиб бораётган автоуюшмалардан ҳар куни бештадан маҳалла фуқаролар йиғинларининг тақсимот режаларига асосан, биттадан “Дамас” русумли автомашиналар туман-шаҳар ҳокимларининг қарорлари билан ажратилди.

Вилоят ҳудудида фаолият олиб бораётган бозорлар ва жамоат жойларида одамлар кўпроқ тўпланадиган масканларда ҳам бу борада ишлар йўлга қўйилиб, “Жамоатчилик назорат масканлари” ташкил этилиб, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида икки нафардан жамоатчи вакиллари жалб этилган.

Жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, фуқароларнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган самарали ишлар натижасида, жорий йилнинг 18 август кунидан 26 август кунига қадар вилоятдаги мавжуд 730та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 680тасида бирорта ҳам жиноятчилик содир этилишига йўл қўйилмади.

Бу борадаги ижобий ишларни Қарши туманидаги “Нукробод”, “Ертепа” ва “Мирмирон” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳамда вилоятнинг Қарши ва Чироқчи туманларидаги бозорларида “Жамоатчилик назорат маскан”лари ташкил этилганлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Келгусида, вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик олдини олиш, содир этилишига йўл қўймаслик мақсадида бу каби ижобий чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.