Шимолий Корея Япония томонига ракета учиргани фонида жаҳон биржаларидаги индекслар пасаймоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Таъкидланишича, савдолар иштирокчилари Пхеньян ва Вашингтон ўртасида кескинлик янада авж олганидан ташвишда.

Шу билан бирга, индексларнинг пасайиши Осиё бозорларидан Европага ҳам кўчган.

STOXX умумевропа индекси 1,7 фоизга тушиб кетиб, олти ойдаги энг паст даражага етган. Япониянинг Nikkei’си тўрт ойлик минимумни қайд этган бўлса, Кореянинг Kospi’сининг йўқотишлари 1,6 фоизга тенг бўлган.

«Шимолий Корея билан можаронинг кескинлашиши жиддий ташвишга сабаб бўлди», - деди JCI Capital Limited активларининг бошқаруви раҳбари Алессандро Бальсотти.

Бундан ташқари, жаҳон фонд бозоридаги вазиятни акс эттирувчи MSCI индекси тахминан 0,2 фоизга тушиб кетди, бироқ беш ҳафталик минимумдан юқори даражада қолган.

Аввалроқ Япония бош вазири Синдзо Абэ Хитой ва Россия КХДРга босимни кучайтириши кераклиги ҳақида маълум қилганди.