«Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон билан муносабатлар очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат асосида қурилади. Бундай эзгу мақсад Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 — 2021 йилларда Республикани ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган», деди Ўзбекистоннинг Қирғизистон республикасидаги элчиси Комил Рашидов бугун ўтказилган «Чегара масалаларини ҳал қилишда Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш омили» мавзусидаги давра суҳбатида.

Дипломат Ўзбекистон раҳбари дастурида мамлакатни ривожлантириш учун Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан барча соҳалар, сув ресурсларидан тортиб, хавфсизлик масаласида ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилганини қайд этиб ўтган.

«Битта маданий цивилизация ҳудудида жойлашган Ўзбекистон ва Қирғизистон нафақат яқин қўшнилар, балки биродар халқлардир. Икки давлат раҳбарининг доимий равишда мулоқот қилиб туриши ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди», — деган Комил Рашидов.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда томонлар икки давлатнинг компаниялари ва ишбилармон доиралари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш устида фаол иш олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга ташриф буюради. Кейинги ойда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ҳам Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.