Қоғозистонда сешанба куни атом энергияси бўйича Халқаро агентликнинг (МАГАТЭ) кам тўйинтирилган уран банки очилиш маросими бўлиб ўтади. У ядро синовларига қарши ҳаракатлар Халқаро кунига бағишланган (29 август).

Кам тўйинтирилган уран банки Усть-Каменогорскдаги Ульбинск металлургия заводи базасида жойлашади. МАГАТЭнинг бу жойни танлашига сабаб – корхона керакли инфратузилма, технологиялар, юқори малакали кадрлар ва ядро материаллари билан ишлаш бўйича бой тажрибага эга. Айни дамда завод жаҳонда уранли, бериллиели, танталли маҳсулотни атом энергетикаси, электроника ва металлургия саноати эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарувчилар орасида тан олинганлардан бири ҳисобланади. У “Казатомпром” миллий компанияси таркибига киради.

Дунё ташаббуси

Қозоғистонда кам тўйинтирилган уран банкини жойлаштириш бўйича таклиф республика президенти Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси ҳисобланади. У ядро қуролидан холи дунёга эришишга йўналтирилган. Банкни ташкил этишдан асосий мақсад – МАГАТЭнинг ўз мажбуриятларини қоидаларни бузмаган ҳолда бажараётган аъзо-давлатларига ядро ёқилғисини кафолатли етказиб беришни таъминлаш бўйича механизмни яратиш. Шу тариқа банкнинг ташкил этилиши глобал хавфсизликни мустаҳкамлашда ёрдам бериши лозим.

"МАГАТЭ ядро ёқилғи банки тўйинтириш даражаси 4,95 фоизгача бўлган кам тўйинтирилган уран захирасига айланади. Бу кейинчалик кўплаб энергетик реакторлар учун ёқилғи тайёрлаш учун қўйиладиган талабларни қондиришда керакли ўзгарувчанликни таъминлайди. Агентлик КТУни стандарт жараёнлар асосида харид қилади", - дея хабар берган Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, КТУ мамлакатларга жўнатиш пайтида долзарб бўлган бозор нархлари бўйича етказиб берилади. Захираларни яратишдан мақсад – банк ўз ядро дастурлари уларнинг иқтисодий фаолиятига алоқадор бўлмаган сабаблар туфайли ёпилиши мумкин бўлган давлатлар учун сўнгги воситага айланишида. 

Хавфсизликка риоя этиш

Экспертларнинг таъкидлашича, Усть-Каменогорскда КТУ банкини жойлаштириш экология, хавфсизлик ва минтақа аҳолиси учун хавф туғдирмайди. Қайта ишлаб бўлинган ядро ёқилғиси республика ҳудудига қайтарилмайди. Уранни олиб ўтиш ва сақлашдаги хавфсизлик махсус контейнерлардан фойдаланиш ҳисобидан таъминланади. 

"Контейнерлар МАГАТЭ сертификатларига эга ва ҳаттоки жуда кучли табиий офатлар ҳамда техноген фалокатларга ҳам бардошли этиб тайёрланган. Улар 80-100 йил фойдаланишга мўлжалланган. Материал бошқа давлатлар ҳудудидан ҳам олиб ўтилади, шу сабабдан 2015 йилнинг июнида Россия, 2017 йилнинг майида эса ХХР билан келишув имзоланди", - дея маълумот беришган ТИВ матбуот хизматидан.

Лойиҳани молиялаштириш

Қозоғистон ташқи сиёсат идораси маълумотларига кўра, миқдори тахминан 150 млн доллар бўлган бу лойиҳа қатор давлатлар ва ташкилотларнинг кўнгилли равишда пул ўтказиши ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Масалан, Американинг "Ядро таҳдидини камайтириш бўйича ташаббус" (Nuclear Threat Initiative) фонди 50 млн доллар, АҚШ - 49,54 млн, Бирлашган Араб Амирликлари ва Кувайт – 10 млн.дан, Норвегия - 5 млн, Евроиттифоқ – 25 млн еврога қадар маблағ ўтказиб берган. Ҳозирги бозор нархлари ҳисобга олинса, 150 млн доллар тахминан 60-80 тонна КТУни сотиб олиш ва уни Қозоғистонга етказиб бериш учун етарли бўлади. 

МАГАТЭ ураннинг юридик эгаси ҳисобланади. Шу билан бирга, Қозоғистонда фақатгина ядро материалларини сақлаш бўйича харажатлар бўлиши мумкин, бошқа чиқимлар кўзда тутилмаган.