Мисрда йўловчи автобуси иштирокидаги ЙТҲ оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди ва яна 38 инсон жароҳатланди. Бу ҳақда "Ал-Яум ас-Сабиа" янгиликлар портали мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларига асосан хабар берди.

Маълумотларга кўра, Қоҳирага йўл олаётган автобус мамлакат пойтахтидан жануброқда жойлашган Бени-Суэйф вилоятидаги трассада юк машинаси билан тўқнашиб кетиб, ағдарилган. Тез тиббий ёрдам машиналари жабрланганларни яқин орадаги шифохоналарга етказишда давом этмоқда. Автоҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум.

2016 йил маълумотларига кўра, Миср йўллардаги ўлим ҳолати кўрсаткичлари бўйича араб давлатлари орасида 16- ва жаҳонда 109-ўринда туради. Ҳар йили мамлакатда ЙТҲ туфайли етти-саккиз минг инсон ҳаёт билан видолашади.