Британиялик журналист Жонатан Марголис тангаларнинг қиймати нечоғлик юксак эканлиги ва замонавий дунёда кимлар ундан воз кечишга тайёр эмаслиги ҳақида фикр юритган, деб ёзади Insider.pro.

Тангалар қанча туради ўзи? Йўқ, тўғридан-тўғри маънода сўралмаяпти, масалан, Британиянинг 1 фунтлик тангаси 1,3 доллар эканлигини биламиз. Вақт ва унга сарфланган қувват нуқтаи назаридан уларнинг баҳоси қанча?

Ҳозирги онлайн савдо-сотиқ, контактсиз тўловлар ва криптовалюталар даврида тангалар замонавий ҳаётнинг энг эски ва муомаладан чиқиб бораётган элементи ҳисобланади.

Ўтган ҳафтада супермаркетда ўтказилган ғайриоддий 15 дақиқа 1 фунтлик қийматга эга бўлган танга (дунёдаги энг юқори қийматларидан бири) борасида қайғуриш ўринлими, деган саволни ўртага ташлашга мажбур қилди.

Британияда дўконларнинг кўпчилигида аравачалар махсус қулфлар билан жиҳозланган, улардан фойдаланиш учун 1 фунтлик танга ташлаш керак ва арава жойига қайтариб олиб келинса — тангани қайтариб олиш мумкин. Қулф ишлаб чиқарувчиларнинг ишонтиришича, бу харидорларни аравачаларни жойига қайтариб келтириб қўйишга мажбурлайди ва уларнинг ўғирлаб кетилишининг олдини олади.

Фото:  Insider.pro

Менинг 1 фунтлик тангам ана шундай аравача қулфига тиқилиб қолди. Мен тангани чиқариб олиш учун 30 сонияча муваффақиятсиз уриниб, сўнгра дўкон ходимидан кўмак сўрадим. Лекин ҳаммаси натижасиз тугади. Мен ўзимни аҳмоқ бўлгандек ҳис қилдим — тангани қайтариш учун вақт ва куч сарфлаш ҳеч қандай маънига эга бўлмаган эди. Лекин принципдан (билмадим, қайси принципдан) келиб чиқиб мен қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилдим.

Бу оқилона қарор эдими? Мен бу саволни болаларимга бердим. Тўнғичим (35 ёшда) бир дақиқа ҳам кутмаслигини айтди. Кичиги (28 ёш) эса ўша “принцип”га биноан, танганинг қайтарилиши учун қанча вақт талаб этилса шунча кутишга тайёрлигини билдирди.

Менинг саволим очиқ қолди ва мен журналистлар одатда қиладиган ишга қўл урдим — икки миллионерга қўнғироқ қилиб, менинг ўрнимда бўлишганида қай тариқа йўл тутишларига қизиқдим.

Биринчи “қурбоним” Ted Baker кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи компания эгаси ва бош директори Рэй Келвин бўлди. Унинг бойлиги 468 миллион фунтга баҳоланади. Менинг саволимга у шундай жавоб берди:

“Мен нима бўлганда ҳам танганинг қайтаришмагунча кутар эдим. Қисман бу маданият масаласи — мен шундай улғайганман ва тарбияланганман. Бироқ бу масъулият ва ҳисобдорлик масаласи ҳам. Тизим ишлаши керак ва дўкон ўзининг ишида рўй берган нуқсондан бохабар бўлиши шарт”.

Ҳамёнида танга олиб юриши, дўконда қайтимга танга беришини кутиши ҳақидаги саволга у “ҳа, албатта” деб жавоб қайтарди. Бошқача қилиб ўтганда, Ted Baker бош директори ҳар бир фунт аҳамиятга эга, деб ҳисобловчи муваффақиятли кишилардан саналар экан.

Сўнгра мен Дункан Баннатайн соғломлаштирувчи марказлар асосчиси ва бир неча китоблар, жумладан, “Пулни қандай ақлли тасарруф этиш керак?” (How To Be Smart With Your Money) китоби муаллифига ҳам қўнғироқ қилдим. Унинг бойлиги 225 миллион фунтга тенг. Баннатайн шундай деди:

“Мен тангани аравачада қолдирардим. Уни қайтариш учун кетган вақтим унга арзимайди. Лекин машинамда доимо тўхтаб туриш учун тўланадиган чойчақа бор, дўконларда ҳам қайтимни албатта оламан”.

Яна ўхшаш жавобга эга бўлолмадим.

Мен бошқа йўлдан боришга қарор қилдим ва Лондондаги Attest стартапи орқали минглаб британияликлар ўртасида сўров ўтказдим.

Фото:  Insider.pro

Натижаларга кўра, одамларнинг аксарияти бир фунтлик тангани унчалик юқори қадрламас экан. Сўралганларнинг 75 фоизи тангани қайтариш учун 5 дақиқадан камроқ вақтини ажратишини, 17 фоиз сўралганлар қанча керак бўлса шунча кутишларини билдирган.

Йилига ўртача даромад (40 мингдан 200 минг фунтгача) топадиганлар 1 фунтликни қайтариш учун 1 дақиқадан камроқ вақт ажратишга тайёр эканлигига ажабланмаса ҳам бўлади. Тангага нисбатан мантиқ доирасини тарк этувчи мураккаб эмоционал боғлиқлик бор. Унинг бошланиши танга йиғадиган идишга танга ташлаган пайтларимиздан бошланади. Бироқ ғалати тасодиф билан биринчи ва энг машҳур криптовалюта биткоин деб аталади (bitcoin, инглизча. coin — «танга» сўзидан олинган). Бундан ташқари, интернет ва телевидениеда у айнан танга шаклида тасвирланади, гарчи моҳиятан ундан жуда йироқ бўлса-да.

Фунтнинг аввалги курси ҳисобга олинса — кекса авлод унинг 5 долларга тенг бўлган вақтларини яхши эслашади — ўз-ўзидан тушунарлики, тангага айнан кекса авлод вакиллари қаттиқ боғланиб қолишган. Бу йил Британия тангалари янгича кўриниш олиб, диаметри ҳам бироз катталаштирилди. Кўриниб турибдики, кичик қийматли тангаларни ўртача ва юқори даромадли кишилардан кўра, паст даромадли инсонлар кўпроқ қадрлашади.

Бироқ, тангаларнинг куни битган кўринади (банкнотларнинг ҳам). Романтика ва тарихий қиймати йўқолиб бормоқда. Британия 1971 йилда ўнлик саноқ тизимига ўтишидан аввал ёши 100 йилдан ошган фунтлар, шиллинглар ва пенслар ҳам учраб турарди. Ҳамма бу тангаларнинг бошидан не кунлар ўтгани ҳақида бир зум бўлса-да ўйланиб қоларди. Энди эса улар сийратсиз металл парчаларига айланган.