Нью-Йорк полиция департаменти (NYPD) жорий йил охирига қадар 36 мингдан зиёд Windows-смартфондан воз кечиш режаси ҳақида маълум қилди. Эскирган Windows Phone 8.1 платформасини қўлловчи Lumia қурилмалари iPhone'га алмаштирилади. The Verge нашрига кўра, Microsoft компанияси июль ойида эски платформани қўллаб-қувватлашни тўхтатган.

2014 йилнинг июлида ишлаб чиқарилган Windows Phone 8.1'ли қурилмалар ўтган йили полиция тасарруфига ўтган. Таъкидлаш жоизки, бу операцион тизим ҳеч қачон талабгор бўлмаган: ўша вақтнинг ўзидаёқ мобил қурилманинг бозордаги улуши 1 фоиздан камроқни ташкил қилган.

Ишчи қурилма сифатида айнан "винфонлар"ни танлаш қарори бир киши томонидан қабул қилинган - NYPD'нинг ахборот технологиялари бўйича комиссар ўринбосари. Полиция икки моделдан фойдаланган: Nokia Lumia 830 ва Lumia 640 XL. Уларга суд иши, фавқулодда вазиятлар хизматлари ва буйруқларни қабул қилишга доир иловалар ўрнатилган бўлган. 

Умумий қиймати 160 миллион долларни ташкил қилувчи харидлар NYPD техник жиҳозлари модернизацияси ташаббуси доирасида амалга оширилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари iPhone'нинг айнан қайси модели билан таъминланиши ҳозирча номаълум.