Renault ва Nissan компаниялари Хитойнинг Dongfeng Motor автомобиль ишлаб чиқарувчиси билан ҳамкорликда Марказий Хитойдаги Хубэй провинциясида электромобиллар ишлаб чиқара бошлайди. Янги корхона eGT New Energy Automotive номини олди. Бу ҳақида Renault матбуот хизмати хабар берди. 

Маълумотларга кўра, Renault ва Nissan ташкил қилинган компаниянинг 25 фоиздан, Dongfeng эса - 50 фоиз акциясига эгалик қилади. Корхона йилига 120 мингтагача электрокар  ишлаб чиқариши кутилмоқда. Режага кўра, ишлаб чиқариш 2019 йилда бошланади.

Таъкидлаш жоизки, Dongfeng Motor шундоқ ҳам Renault ва Nissan билан ҳамкорлик қилади, компания Хитой бозори учун Kadjar ва Teana автомобилларини ишлаб чиқаради. 

Хитой Авто ишлаб чиқарувчилар ассоциациясининг маълумотларига кўра, ўтган йилнинг ўзидаёқ мамлакатда 256,8 мингдан зиёд электромобиль сотилган, бу йиллик ҳисобда 121 фоизга кўп. 2016 йилнинг охирида ХХР ҳайдовчисиз машиналарни синовдан ўтказувчи тажриба зонасини ишга туширди. Лойиҳа Renault, Dongfeng Renault Automotive Company ва Caidian девелопер гуруҳи томонидан амалга оширилган.