Самарқанд шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида тарбиячининг ёрдамчиси болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётгани акс этган видеоёзувлар «Дарё.уз» сайти томонидан тақдим этилган эди.

Видеоёзув 25 июль куни темир йўл вокзали яқинидаги 64-мактабгача таълим муассасасида олинган. Шунингдек, ушбу видеоёзувни тақдим этган фуқаро 7 август куни жиянини боғчадан олиб кетиш учун борганида, тарбиячилардан бири полда чўзилиб ухлаб ётгани ва алкоголь ичимлик таъсирида бўлганини хабар берган (кейинчалик аниқлашимизча, суратнинг хиралаштирилмаган, оригиналида тарбиячи боши остига шиппагининг бир пойини қўйиб ётгани маълум бўлди — Ш.Ш.).

Фото: Дарё.уз

Фуқаро бир кун ўтиб, ушбу ҳолат юзасидан боғча мудирасига шикоят қилган. Тарбиячининг ёрдамчиси ҳам, боғча мудираси ҳам фуқаронинг шикоятида келтирилган даъволарни рад этган.

«18 август куни жиянимни бошқа боғчага ўтказдик. Боғчага боргиси келмайдиган бола энди ўзи хоҳлаб боғчага кетяпти. Эски боғчасидаги тарбиячиларнинг муносабати яхши эмаслигини шундан ҳам билса бўлади», — деган мақолада исмини ошкор этмаган фуқаро.

Биз ушбу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида журналист Темур Аъзам билан Самарқанд шаҳридаги 64-мактабгача таълим муассасига бордик. Бизни кутиб олган боғча мудираси Дилфуза Аминова муддаомизни эшитгач, дарҳол ҳаммаси жамоа ичида ўрганиб чиқилгани, зўравон тарбиячи ишдан бўшатилганини маълум қилди.

Д.Аминованинг тушунтиришича, видео 27 июлда олинган. Шу куни у Тошкентда малака ошириш ўқишида бўлган. Лекин Тошкентдан қайтиб келгач, на ота-оналар, на болалар тарбиячи ёрдамчиси Шоҳида Усанова устидан шикоят қилишмаган.

Хуллас, бугун сизлардан олдинроқ шаҳар халқ таълими бўлими ва касаба уюшмадан вакиллар келишди, ундан тилхат олинди. Кейин Ш.Усанова (36 ёшда) ўз аризасига кўра ишдан бўшатилди. Буйруқ бугун имзоланди. Бошқа тарбиячилар келгусида бундай ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун улардан ҳам ёппасига кафолат хати олинди, — деди 64-МТМ мудираси Д.Аминова.

 

«Болалар бошқа боғчага ўтаётгани ҳақидаги таъкид ҳақиқатга тўғри келмайди. Ўзи видео кеча тарқалди. Ҳамма воқеадан кеча воқиф бўлди. Тўғри, ён-атрофимизда боғчалар кўп. Лекин ҳеч ким Шоҳиданинг устидан арз ҳам қилиб келгани йўқ, ўтган 1 ой ичида бирорта бола боғчамизни тарк ҳам этмаган. Видеода айнан қайси болалар калтакланганини аниқлашнинг иложи бўлмагани сабабли биз ота-оналар ўртасида эрталаб сўров ҳам ўтказдик, ҳеч ким эътироз билдирмади», — дея тушунтириш берди боғча мудираси.

«Тарбиячиларимиздан бирининг ичиб олиб, полда ухлаб ётгани ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки бу тарбиячимиз И.А.Ж. (56 ёшга кирган бу аёлнинг исм-фамилияси ва насаби KUN.UZ таҳририяитга маълум) 35 йил шу боғчада ишлаб, бирор марта маломатга қолмасдан ишлаб келаётган эди ва пенсияга чиққанига 2 йил бўлувди. Унинг юрак касали бор. Аслида бу воқеа таъкидланганидек, 7 августда эмас, анча олдин содир бўлган ва И.А.Ж. ўшанда мазаси қочиб полга йиқилган. Сўнгра у биздан даволаниш учун таътил сўради ва уйидагиларнинг қистови билан 13 июль куни ўз аризасига биноан ишдан бўшаб кетган. У болаларнинг севимли тарбиячиларидан бири эди», — деди боғча мудираси Д.Аминова ва И.А.Ж.нинг ишдан бўшатилгани ҳақидаги буйруқни кўрсатди.

Мактабгача таълим муассасаси мудираси ҳуқуқбузарга нисбатан чора кўрилгани, келгусида бундай ишлар такрорланмаслигини қайта-қайта такрорлади, ўзига яраша ҳужжатлар ҳам кўрсатди ва олдинроқ эълон қилинган мақоладаги айрим маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини ҳам таъкидлади.

Биз ушбу мурожаатни уюштирган фуқаро ёки боғчадаги муҳитга эътирози ва далил-исботи бўлган ота-оналардан таҳририят билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритишни сўраймиз.

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ журналисти.