Ошқозон ости бези саратони - онкологик касалликларнинг энг хавфли ва ҳалокатли турларидан бири. АҚШ Миллий онкология институти баҳоларига кўра, 2017 йилда Америкада 53 минг янги ошқозон ости бези саратони ҳолати ва унинг натижасида 43 мингдан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилди. 

Статистикага кўра, саратоннинг бу турига йўлиқиб, ўртача 5 йилча яшайдиганлар сони атиги 9 фоизни ташкил қилар экан. 

Асосий муаммо шундаки, ошқозон ости бези саратони одатда ҳаддан ташқари кеч аниқланади, унинг қориндаги оғриқлар ва вазн йўқотиш каби белгилари эса фақат сўнгги босқичда аён бўлади. 

Шу боис бутун дунё лабараториялари саратоннинг илк босқичларида ташхис қўйиш борасидаги янги усулларни жорий қилиш устида ишламоқда. Бу келгусида касалликни эртароқ аниқлаш ва унинг олдини олишга ёрдам беради. 

Вашингтон университети олимлари одамлардаги ошқозон ости бези саратони ва бошқа касалликлар скринингини мустақил ўтказиш имконини берувчи мобил иловани ишлаб чиқишди, бунинг учун биргина оддий селфи қилиш талаб қилинади. 

BiliScreen иловаси склер ёки кўз оқсилида билирубин даражасининг меъёрдан юқорилигини аниқлаш учун смартфон камераси, видеоахборотни қайта ишловчи махсус алгоритмлар ва машина таълими жиҳозларини қўллайди. 

Янги иловани яратишга бағишланган илмий мақола 13 сентябрда компьютерда ҳисоблашга доир Ubicomp 2017 анжуманида тақдим этилади. 

Олимлар 70 киши иштирокидаги клиник  тадқиқот синовларини ўтказишди. Тадқиқотларда кўз нурини назорат қилишга ёрдам берган 3D-принтерда чоп этилган махсус қутидан фойдаланилди. Таҳлил илованинг билурибин даражасини етарлича аниқ қайд этишини кўрсатган, хавфли касалликлар эса 89,7 фоиз ҳолатда аниқ натижа берган. Ҳозирги вақтда бу мақсадлар учун қон таҳлилларидан фойдаланилади. 

BiliScreen бундан аввал янги туғилган чақалоқларда сариқ касални аниқловчи BiliCam иловасини яратган Ubiquitous Computing лабаратория ишланмаси асосига қурилган.