Шимолий Корея 29 август эрта тонгда Ким Чен Ин раҳбарлиги остида биринчи марта Япония ҳудуди устидан учиб ўтган ракета синовини ўтказди. Ракета Япониядан шарққа томон 1,2 минг км узоқликда Тинч океанига тушган. Шу сабабли Токио БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиртириш жараёнини бошлаганини маълум қилди. 

Бунгача Шимолий Корея ракетаси 2009 йилда Япония устидан учиб ўтган. Бироқ ўшанда гап Шимолий Кореянинг "Тэпходон-2" ракетаси билан сунъий йўлдош учиргани ҳақида кетган. Ким Чен Ин эса Шимолий Кореяга 2011 йилдан бери раҳбарлик қилади. 

Ракета пойтахт Пхеньян яқинидаги Сунан шаҳридан Япон денгизи томон отилган. Маълумотларга кўра, ракета Япониянинг Хоккайдо ороли устидан учиб ўтиб, 2,7 минг км лик масофани 550 км максимал баландликда ўтган. Япония ҳукумати бош котиби Ёсихидэ Суганинг айтишича, ракета Хоккайдонинг жануби-шарқий қисмидаги Эримо бурнидан шарққа томон 1180 км узоқроққа тушган. Унинг айтишича, ракетанинг Япония ҳудудида бўлаклари аниқланмаган, бирор зарар етгани ҳақида маълумот берилмаган.

“Рёнхап” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Жанубий Корея ҳарбийларининг фикрича, синалган ракета ёки ўрта масофаларга мўлжалланган “Хвасон-12”, ёки 3 минг км гача уча оладиган “Хвасон-10” ракетаси бўлган.

Япония ҳукумати ракета учирилиши муносабати билан аҳолини огоҳлантирган ва улардан эҳтиёт чоралари кўришни сўраган. Япония шимоли-шарқида “Синкансэн” тезюрар поездлари қатнови тўхтатилган. Таъкидланишича, ракетанинг Япония узра учиб ўтиши ички ва ташқи авиаалоқага таъсир қилмаган.

Япония бош вазири Синдзо Абэ ҳукумат ракета учирилиши муносабати билан ўз фуқароларини ҳимоя қилиш учун барча ишни амалга оширишини айтган.

Жанубий Корея ҳарбийларининг айтишича, мамлакат қуролли кучлари юқори жанговар ҳолатга келтирилган. 

Пентагоннинг расмий вакили Роб Мэннинг ракета АҚШга хавф туғдирмаганини айтган.