Сайёрамиз фойдали қазилмаларнинг сурункали етишмовчилигига йўлиқмоқда, хусусан, юқори технологик гаджетларда қўлланиладиган қазилмалар. Экспертларнинг ишонч билан таъкидлашича, смартфонлар, электромобиллар ва ҳатто мис симда учрайдиган асосий компонентлар тобора тугаб бормоқда. Ушбу асосий фойдали қазилмаларнинг ишлаб чиқарилишига тўсқинлик қилувчи турли муаммолар, афтидан, келгусида уларнинг глобал танқислигига олиб келади. Hi-Tech шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Қазилма материаллар етишмайди

Халқаро олимлар гуруҳининг Делавэр штати университети  штаб-квартираси билан биргаликда ўтказган тадқиқоти тез орада техникага бўлган талаб таклифни ортда қолдиришини кўрсатган. Ҳатто хомашёнинг қайта ишланиши ҳам юқори технологияли қурилмаларни ишлаб чиқариш учун етарли материал билан таъминлай олмайди. Гап мис, шунингдек неодим, тербий ва иридий каби янада ноёб металлар ҳақида бормоқда.

Жамоанинг етакчи тадқиқотчиси Салим Али шундай дейди: "Иқлим, биохилма-хиллик, кўчиб юрувчи турларни сақлаш  ва ҳатто органик кимёвий моддалар чиқиндилари билан муомала қилиш борасида халқаро битимлар мавжуд, аммо минерал қазилмаларни бошқаришга доир халқаро механизмлар йўқ".

Талаб ошиб бормоқда, ишлаб чиқариш эса қийинлашмоқда

Бундан ташқари, конларни аниқлаб, ишлаб чиқаришни бошлагунга қадар кўп йиллар ўтиши мумкин.  Масалан, сўнгги йирик мис қазиб чиқарилувчи кон 15 йил аввал Мўғулистонда аниқланган эди, маҳсулот ишлаб чиқариш эса ўтган йилига келиб старт олди. Таъкидлаш жоизки, кўпгина металлар, жумладан мис ҳам ишлаб чиқаришда ўрнини босиши мумкин бўлган муқобилига эга эмас.

Бугунги кунда "яшил" технологиялар сайёранинг ягона "халоскори" ҳисобланади, бироқ уларда ҳам ўша ноутбуклар учун керак бўлган фойдали қазилмалар катта миқдорда қўлланилади, бу эса ўзига хос рақобатни юзага келтиради.

Келажакни шундай тасаввур қилганмидик?

Бир неча йил аввал келажак смартфонларини қандай тасаввур қилар эдик? Наҳотки шаффоф смартфонлар ва экрани олинувчи гаджетлар ўрнига бизни "ақлли қурилмалар" даврининг интиҳоси кутмоқда?!