Пойтахтда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон тарихи давлат музейида “Китоб мутолааси ва муҳокамаси – маърифий ибрат олиш йўли” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий университети профессори, “Дўстлик” ордени соҳиби Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон тарихи давлат музейи раҳбари ўринбосари Алишер Исмоилов, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова, Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири Музаффар Аҳмедов, “Гулистон” журнали бўлим мудири Шермурод Субҳон сўзга чиқиб китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, китоб ўқишга тарғиб этиш эзгу амал эканлигини таъкидладилар. 

Шунингдек, мазкур тадбир давомида китоб кўргазмаси ташкил этилиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан чоп этилган 4 номдаги жами 800 дона китоб бепул, беғараз тадбирга ташриф буюрган барча иштирокчилар, кенг ўқувчилар оммасига тарқатилди. 

Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг мазкур йўналишдаги Фармойиши мамлакатимизда интеллектуал ривожланишнинг янги босқичини бошланишида муҳим ўрин тутганини эътироф этган ҳолда китоб мутолааси ва унинг муҳокамаси – маърифий ибрат олиш йўли эканлигини тарғиб этиш ушбу маънавий-маърифий тадбирнинг мақсадини ташкил этди. Шунингдек, Фармойишда дунё адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини чет тилларига таржима қилиш масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилганлиги янада хайрли бўлгани айтиб ўтилди. 
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда республикамизнинг таниқли олимлари, адиб ва шоирлари, соҳа мутахассислари, ёшлар вакиллари, тарғиботчилар китоб мутолааси, китобхонлик маданияти, ўқиш билан бирга маънан уқиш, асарларда баён қилинган ҳар бир таъкид ва фикрлардан тўғри хулоса чиқара билишликка эътибор берилиши ҳақида мароқли ва таъсирли ҳаётий мисоллар билан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.