Замонавий ҳамда сифатли таълим тизими билан дунёга машҳур Буюк Британия университетларида 2015/16 ўқув мавсумида 2,28 миллион талаба ўқиган бўлиб, Оксфорд ва Кембриж каби номдор дорилфунунларга ватан бўлган юртда 2016 йил 1 январь ҳолатига кўра, олий таълим муассасаларида 201,380 нафар академик, 208,750 нафар оддий ходимлар фаолият олиб борган.

Айни вақтда сизда магистратура босқичини бепул, барча харажатлари (авиа чипта ва ташкилий ишлар) қопланган ҳолда, ҳар ой стипендия қабул қилиб, Буюк Британиянинг энг нуфузли университетларидан бирида ўқиш имконияти мавжуд. Бу Chevening дастури бўлиб, илк бор 1984 йил Буюк Британия Ҳамдўстлик ва ташқи ишлар вазирлиги томонидан амалиётга киритилган. 1994 йилдан бошлаб дастур бўйича ўзбекистонлик 200 нафарга яқин талабалар Буюк Британияда магистратура босқичида таълим олган.

Chevening​ дастурида ғолиб бўлиш учун номзод бакалавр дипломига эга бўлиши ҳамда энг камида 2800 соат иш тажрибасига эга бўлиши лозим. Номзоднинг иш тажрибасига талабалик даврида ўтказган амалиёт машғулотлари, кўнгиллилар сафида ёлланиб, ишлаган соатлар ҳамда расмий ҳужжатларда юритилмаган иш фаолияти ҳам киради. Бунда тавсиянома асосида иш тажрибаси ҳақиқатан етук экани тасдиқланиши сўралади. Шунингдек, хорижий тил, яъни инглиз тилини билиш даражаси тўғрисида IELTS сертификати кўрсатилиши шарт. Агарда номзод сертификатга эга бўлмаса ёки қайта топширишни режалаштирган бўлса, у ҳолда 2018 йилнинг 12 июль кунига қадар сертификат тақдим этилиши шарт.

Chevening​ дастури айнан бир университет учун грантларни таклиф қилмайди, шунинг учун ҳар бир номзод дастурда қатнашиш учун ҳужжат топшириш билан бирга Буюк Британиядаги олий таълим муассасаларидан бирига киришга ҳам масъул саналади. Масалан, куз мавсумида Chevening​ учун ҳужжат тайёрлаган ҳар бир номзод, мустақил равишда магистратура учун ҳам университетга ҳужжат топшириши керак. Бунда номзод ўз танловининг Chevening​ аризасида кўрсатиб ўтади. Университет қабул коммиссияси томонидан белгиланган тўловлар дастур томонидан қопланмайди (Бу 80 фунт-стерлинггача бўлган тўловни ўз ичига олади).

Chevening​'да иштирок этиш жорий йилнинг 7 августидан 7 ноябригача chevening​.org сайти орқали онлайн аризалар тўлдирилади. Академик салоҳият ва номзодларни минтақавий танлаб олиш мезонларига кўра, январь ойида кенгайтирилган номзодлар рўйхати шакллантирилади. Бунда ҳеч қайси номзодга жинси, ирқи, келиб чиқиши ва жисмоний имкониятларидан келиб чиқиб устунлик берилмайди.

Кейинги босқичда эса Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан номзодлар тўлдирган ариза асосида танлов ўтказилади. Элчихона вакиллари номзоднинг етакчилиги, жамоатчилик билан ишлаш, Буюк Британияда ўқиш шароитларига мослашувчанлигига ҳамда келгуси режалари баён этилган қисқа иншоларни ўрганиб чиққач, қисқартирилган номзодлар рўйхатини эълон қилади. Сўнгра, март-май ойларида сўнгги босқичга етиб келган номзодлар элчихона вакиллари билан суҳбатга шахсан чақиртирилади. Бу орада номзод Буюк Британиядаги бирор университетнинг магистратура бўлими томонидан қабул таклифини қўлга киритган бўлиши лозим.

Қабул таклифи билан талаба ҳеч қандай чиқимлар қилмайди, дастлабки, талабанинг депозит суммаси ҳамда ўқув муассаса талаб қилган тўловлар дастур томонидан қабул қилинади. Chevening​ бўйича ўқишни бошлаган магистрантга ҳар ой ётоқхона ва озиқ-овқат, маиший чиқимлари учун стипендия ҳам бериб борилади. Магистратурани тамомлаб, ғолибнинг Ўзбекистонга қайтиши ҳамда камида икки йил ўз юртида бўлиши сўралади.

Kun.uz мухбири ана шундай Chevening дастури бўйича 2015-2016 ўқув йилида Лондон шаҳрининг King's College университетида таҳсил олган Нодир Сидиковнинг дастурдан сўнг таассуротларини билиш мақсадида у билан боғланди.

«Дастур давомида бир қанча тажрибага эга бўлдим, жумладан компьютер дастурлаш соҳаси бўйича таълим олишдан ташқари мамлакат тарихи, маданияти ва маҳаллий халқнинг қадриятлари билан яқиндан танишдим. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ўз таълим йўналишим бўйича Лондон шаҳридаги iDealing компаниясида малака оширишга муваффақ бўлдим. Ўзбекистонга келганимда ишга жойлашишда мен билан муаммо бўлмади. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида, Site Labs МЧЖда фаолият юритмоқдаман. Орттирилган билимлар билан ишхонада касбдош билан ҳам ўртоқлашаман, натижада бир мен эмас, атрофимдагилар ҳам манфаат кўрмоқда», дейди у.

Ҳар бир илмга, Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшишни ўйлаб юрган ёшлар, албатта яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиши лозим. Халқаро тажриба ҳамда билим миллий ривожланиш йўлимизни равон қуриб боришда асқотади.