Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бокс бўйича AIBA шафелиги остида ўтаётган жаҳон чемпионати баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари иштирокини давом этмоқда.

Чорак финал жангларидан сўнг ўзбекистонлик 6 нафар боксчи ярим финал йўлланмасига эга бўлди.

Кеча, 29 август куни бўлиб ўтган беллашувлардан сўнг Kun.uz мухбири терма жамоа аъзоси Ҳасанбой Дўсматов билан боғланди.

«Кейинги босқичга биз кўпроқ боксчиларимиз чиқишини хоҳлагандик. Нима ҳам дердик. Бу бокс. Айни пайтда жамоамизнинг олти нафар боксчисини совринли ўринлар учун курашаётгани ҳам яхши натижа. Германияда шароитлар яхши. Жамоадаги муҳит жанговар. Буёғига ҳал қилувчи баҳслар бўлиб ўтади. Энди асосийси, йигитларда ютиш учун хоҳиш катта. Исроил Мадримов жангига тўхталадиган бўлсак, ўйинни барча кўрди ва хулоса чиқарди.

Кеча биринчи бўлиб рингга кўтарилиб, Амит билан жуда оғир жанг ўтказдим. Биласизми, спортда «ноқулай рақиб» деган атама бор. Айнан мана шу ҳиндистонлик боксчи менга ўта ноқулай рақиб. Шу йилги Осиё чемпионатида ҳам Амит билан тўқнаш келганимда, анча тер тўкишга мажбур қилганди. Худога шукр, ғалаба мен тарафда бўлди. Бизни қўллаб турган барча ишқибозларга жамоа йигитлари номидан саломимизни етказиб қўйинг», дейди Ҳасанбой Дўсматов.

Эслатиб ўтамиз, 31 август ва 1 сентябрь кунлари олти нафар боксчимиз жаҳон чемпионатининг ярим финал баҳсларини ўтказиш учун рингга кўтарилади.

Элмурод Эрматов, Андижон