Ўзбекистон Пенчак-Силат федерацияси ва қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида 9 сентябрь куни Тошкентнинг “Бунёдкор” стадионида Микст-силат бўйича “Asian FIGHT-2017” халқаро турнири бўлиб ўтиши ҳақида аввал хабар берилган эди. 

Шу муносабат билан Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонада ташкилотчилар ва турнирда иштирок этувчи спорт усталари иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар қилди.

Маълум қилинишича, халқаро турнирда 9 нафар ўзбекистонлик аралаш жанглар усталари 9 сентябрда 8 мамлакатдан келган 9 нафар жангчига қарши куч синашади. Баҳслар 6 бурчакли рингда бўлиб ўтади. Унда 57 кгдан +115 кг вазн тоифасидаги спортчилар рингга кўтарилишади. 

Мусобақа мавқеини кўтариш, мазкур спорт турини ўзбекистонда ҳам ривожлантириш ва дунё спорт мухлисларининг диққатини Ўзбекистонга қаратиш мақсадида жаҳон киноси юлдузи ва жанг санъати устаси Жан Клод Ван Дамм, спорт устаси Жеф Монсон ва бошқалар таклиф этилган. Ушбу меҳмонлар иштирокида алоҳида дастурлар ва маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, жаҳоннинг турли нуфузли яккакураш федерацияларининг юқори раҳбариятлари вакиллари ҳам фахрий меҳмонлар сафидан жой олади.

Бундан ташқари, ташкилотчилар ажойиб спорт ва шоу кечаси бўлишига ваъда беришар экан, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон эстрада гуруҳлари томошабинлар олдида чиқиш қилишларини ҳам маълум қилишди.