Лондоннинг «Арсенал» клуби Англия премьер-лигасининг янги мавсумини ўта муваффақиятсиз бошлади. Биринчи турда «Лестер»ни базўр мағлуби этган (4:3) Арсен Венгер шогирдлари кейинги турларда «Сток Сити» ва «Ливерпуль»га сафар қилиб, 0:1 ва 0:4 ҳисобларида ютқазди. Бу натижалардан кейин жамоа 3 очко билан 16-поғонада жойлашган.

Охирги кунларда жамоа тарқоқ ҳолатга келди. Футболчилар ўртасида муҳит кўнгилдагидек эмас. Хусусан, жамоа етакчиси Алексис Санчес «Ливерпуль»га қарши ўйинда бор кучи билан ҳаракат қилмади (мураббий уни ўйин давомида алмаштиришга мажбур бўлди) ва унинг жамоадошлари бундан қаттиқ норози бўлиб, раҳбариятдан уни сотиб юборишни сўрашмоқда. Айни вақтда у «Манчестер Сити»га ўтиши бўйича музокаралар кетмоқда. Бундан ташқари, жамоанинг яна бир етакчиси Алекс Окслейд-Чемберленд ҳам жамоани тарк этиш арафасида. Унга «Челси» ва «Ливерпуль»дан таклиф бўлди, аммо футболчи Лондон клубида ўйнашни истамади, бунга «Челси» уни «Арсенал»даги каби қанот ҳимоячиси сифатида ўйнатишни режалаштиргани сабаб бўлди. 24 ёшли футболчи эса ҳужум чизиғида ҳаракат қилишни истамоқда ва унга «Ливерпуль» варианти маъқул келмоқда.

Ёзги трансферлар якунига етмоқда ва агар бу футболчилар клубдан кетадиган бўлса, уларнинг ўрни тўлдирилмай қолиши мумкин. Қолаверса, Арсен Венгер бу ёзда трансферлар бозорида фаол бўлмади ва фақат икки футболчини таркибга жалб этди. Булар «Лион»дан 52 миллион еврога харид қилинган Александр Ляказетт ҳамда «Шальке»ни эркин агент сифатида тарк этиб, «Арсенал»га текинга келиб қўшилган Сеад Колашинац.

«Арсенал»даги бу вазиятда таниқли инглиз экспертлари ўз муносабатларини билдиришмоқда.

Хусусан, «Ливерпуль»нинг собиқ футболчиси Жейми Реднапп, «Арсенал»нинг собиқ футболчиси Иан Райт «тўпчилар»нинг янги мавсумдаги имкониятлари ҳақида сўзлашган.

«Венгер тушиб қолган бу вазият менга Муҳаммад Али ва Ларри Ҳолмс ўртасидаги жангни эслатмоқда. Али – ҳақиқий афсона, аммо у ўз рақиби томонидан хўрланганди. Бу унутишни истайдиган ҳолатинг. Бу ҳолат айни вақтда Венгер билан рўй бермоқда. Унга ҳозирда ёрдам бера оладиган ҳеч ким йўқ», – деган Райт.

«У Европадаги энг кучли мутахассислардан бири. Арсен Венгер бизнинг мамлакатда тарих яратди, аммо бу давр поёнига етмоқда. Буни қабул қилиш жуда қийин.

Венгер 20 йил давомида бир маромда ишлади. Англияда сэр Алекс Фергюсондан бошқа ҳеч кимни у билан тенглаштириб бўлмайди», – деган Реднапп.

Бу мавзуда «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчиси, ҳозирда телевидение эксперти сифатида ишлаётган Гари Невилл ҳам фикр билдирган. У Алексис Санчеснинг «Манчестер Сити»га ўтишини бемаънилик деб баҳолаган. Айни вақтда «шаҳарликлар» ушбу футболчи учун 70 млн евро таклиф қилишмоқда. Шунингдек, уни Раҳим Стерлинг билан алмаштиришлари ҳам мумкин.

«Ливерпуль»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин «Арсенал»да вазият жуда оғирлашди. Кўп футболчилар кетиш ҳақида ўйлай бошлашди. Санчес жамоадан кетишни истаётгани аниқ, энди унинг ёнига Шкодран Мустафи ва Алекс Окслейд-Чемберлен ҳам қўшилди.

«Манчестер Сити» Санчес учун 70 млн евро ёки Раҳим Стерлингни бермоқчи экани ҳақида айтишмоқда. Албатта, молиявий томонини ҳисобга олсак, бу жуда яхши келишув бўлади. Аммо Стерлинг Санчеснинг ўрнини боса олмайди. Раҳим «Арсенал»ни кучайтира олмайди.

Кўриниб турибдики, Алексиснинг трансферини Хосеп Гвардиол истамоқда. Венгер уни сақлаб қолишга уринди, аммо Санчес қолмоқчи эмас», – деган Невилл.

Бироз олдинроқ «Арсенал»ни Киран Гиббс тарк этгани ва «Вест Бромвич» сафига бориб қўшилгани маълум бўлди.