БМТ Хавфсизлик Кенгаши КХДРнинг сўнгги ракета синовларини қоралади ва уларни жаҳоннинг барча мамлакатларига таҳдид сифатида баҳолади. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар бермоқда.

Таъкидланишича, кенгаш Шимолий Корея ҳаракатлари бўйича бир қарорга келган ва «КХДРни Япония устидан учиб ўтган баллистик ракета парвозини амалга оширгани, шунингдек, 25 август куни кўплаб баллистик ракеталар учирилиши юз бергани туфайли жиддий қоралади».

«Хавфсизлик Кенгаши шуни қайд этадики, КХДРнинг бундай ҳаракатлари нафақат минтақа, балки БМТнинг барча аъзо давлатларига таҳдид уйғотади», - дейилади баёнотда.

Шунингдек, Хавфсизлик Кенгашидан маълум қилишларича, Пхеньян Американинг Гуам оролига зарба бериш билан қўрқитишни бас қилиши лозим.

Аввалроқ Оқ уй КХДР бўйича барча вариантлар кўриб чиқилаётгани ҳақида баёнот берганди.