Ўроз Қўчқоров “Баландчайла” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Ҳақмурод ота” фермер хўжалиги ҳудудидан деҳқон хўжалиги учун ер майдонлари сотилаётганлиги ҳақида эшитиб, дарҳол ҳаракатга тушди. Хабар етказганларнинг айтишича, ҳужжатларни унинг эски таниши Тўра Жўраев расмийлаштириб, ерни ўлчаб бераётганмиш. Ўроз ака дарҳол Тўра Жўраевнинг ҳузурига отланди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

-  Э, келинг, домулла, - Тўра уни мулозамат билан қарши олди. Ва мақсадга кўчмасдан туриб, ўзи “хизмат”ини таклиф эта қолди. – Ер олмайсизми? Ўзим ҳужжатларни расмийлаштириб бераман...

-  Ўзи шунинг учун келаётувдим-да, - иши енгил кўчаётганидан қувониб деди Ўроз Қўчқоров. – Болалар билан деҳқончилик қилмоқчи эдик. Ер олиш учун нима қилиш керак?

-  Тўловини қилсангиз бўлди, ҳамма ҳужжатлари қўлингизда бўлади.

-  Беш гектари қанча бўлади?..

Эски танишлар савдолашиб-савдолашиб, беш гектар ерни 17 миллион сўмга келишишди.

Ўроз Қўчқоров уйида боқиб юрган молларини сотиб, пулини бўлиб-бўлиб Тўрага етказди. “Ҳожатбарор” таниш ерни бир ой ичида расмийлаштириб беришга ваъда берди... Афсуски, Ўроз ака устаси фаранг фирибгарнинг тузоғига илинганини жуда кеч – ҳам пулсиз, ҳам ерсиз қолгандагина англаб етди.

***

Баландчайлалик Орзигул Мустафоева ҳам “Ҳақмурод ота” фермер хўжалиги ҳудудидан ер сотилаётганлиги ҳақида эшитиб, қайнотасига маслаҳат солди. Бу жойдан 20 сотих ер олмоқчилигини айтди. Сўнг қайнота-келин дастлаб ер “сотаётган” Тўранинг опасиникига, кейин у орқали Тўранинг ҳузурига йўл олишди.

-  Йигирма сотих ер минг доллар бўлади, - гўё отасидан қолган мулкни пуллаётгандай нарх бичди Тўра. – Ҳужжатини ўзим тўғрилаб бераман.

Харидорлар рози бўлишди. Ой сўнггида Тўранинг ўзи уларнинг уйига бориб, ер ҳужжати учун аёлнинг турмуш ўртоғи паспорти ва никоҳ гувоҳномаси нусхаларини олиб кетди. Орадан бир-икки кун ўтиб, “ернинг ҳужжатларини тайёрлаяпман, пулни беринг”, - деб келди. Қайнота-келин 500 АҚШ доллари бериб юборишди. Ҳафта ўтмай ҳовлиқиб келган Тўра қистай-қистай келишилган пулнинг қолган беш юзини ҳам олиб кетди. Аммо орадан ҳафта, ой... ниҳоят уч йил ўтди ҳамки, на ер, на пулдан дарак бўлди. Қайнота-келиннинг Тўраникига қатнаб, сарсон бўлгани қолди. Тўра Жўраев туман ер-мулк давлат кадастри идорасида мутахассис бўлиб ишлаётган Бахтиёр Садатов билан пулни “арра” қилиб, еб юборишган эди.

***

Ойбек Чориев эшикни очиб, коллежда бирга ишлаган ҳамкасби Тўрани кўриб, шошиб қолди.

-  Машина олмоқчи экансан, - салом-аликдан сўнг ўсмоқчилаб сўраб қолди Тўра. – Қанақасидан олаяпсан?

-  Шу... – чайналиброқ айтда Ойбек. – “Спарк” олсакми, деб турибмиз.

-  Э, “Спарк”ни нима қиласан? – тиржайди Тўра. – Олсанг, “Нексия” олгин-да. Мана, мен сотмоқчи бўлиб турибман. Ҳали яп-янги – энди бир йил бўлди. Олсанг, келиштириб бераман...

-  Қанча? – аллақандай ҳадик билан сўради Ойбек.

-  Эллик миллион, - Тўра бирдан мақсадга кўчди.

-  Унча пулим йўқ ҳозир.

-  Қанча бор?

-  Хўш, ҳозир... Ҳаммаси бўлиб ўттиз бир миллион сўм...

-  Унда борини беравер, - ён босгандай бўлди Тўра. – Қолганини кейинроқ берарсан...

-  Уйдагилар билан бир маслаҳатлашиб кўрайлик-чи, - иккиланди Ойбек. – Машина олиш қочмас...

Орадан икки кун ўтиб, Тўра яна Ойбекнинг хонадони остонасида пайдо бўлди.

-  Нима бўлди? Машинани оласанми? – шоширди у. – Ё сотиб юбораверайми? Менга пул зарур, кредитни тўлашим керак...

-  Қолган пулни уч йилда бераман, - ўз шартини айтди Ойбек.

-  Бўпти, қани пулни сана. Машинани бир ҳафтанинг ичида номингга расмийлаштириб бераман...

Пул саналди. “Бор-барака” қилинди. Қўл ташланди.

Бир ҳафтадан сўнг ваъдага мувофиқ Ойбек Тўранинг ёнига машинани сўраб борди.

-  Кредитимни тўғрилаб олай, - важ тўқиди Тўра. – Кейин ҳужжатини тайёрлатиб бераман. Ҳозир мана, машинани олиб кетавер...

Ойбек шу куни рақамсиз “Нексия-2”ни уйига олиб кетди.

Вақт ўтиб, машинани расмийлаштириш учун яна Тўрани излаб борди. Аммо бир неча марта борса ҳам уни тополмади. Топганида эса...

-  Ўн тўққиз миллионни ҳозир бер, шу бугун машинани расмийлаштириб бераман, - кўзини лўқ қилиб туриб олди у.

Ойбекнинг жони ҳалқумига келди.

-  Ака, лафзингиз борми? – деди бўғилиб. – Сиз билан бундай келишмаганмиз-ку, қолганини уч йилда бераман дегандим. Рози бўлувдингиз...

-  Унда машинани қайтар, мен ўзим сотиб, пулингни қайтариб бераман...

Ойбекнинг рози бўлишдан бошқа иложи қолмаганди.

Бир-икки кун ўтиб, Тўра унга қўнғироқ қилди.

-  Сеникига бировни жўнатаяпман, ўзимнинг устам. Оти – Фарҳод. Машинани эртага сотишга тайёрлаш керак...

Фарҳод машинани олиб кетди. Ҳафта ўтиб, пулни қайтариб олиш иштиёқида Ойбек Фарҳод билан бирга машинани сотиш учун бозорга олиб чиқди. Бироқ Тўра айтган нархга уни ҳеч ким сўрамади. Фиғони фалакка чиққан Ойбек машинани Фарҳодда қолдириб, яна Тўрани излаб кетди. Уни аранг топди.

-  Сотолмаган бўлсаларинг, ўзим сотаман, - Тўра шундай деб машинани Фарҳоддан олиб кетди. Шундан сўнг Ойбек унинг қорасини ҳам излаб тополмади...

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судида Қамаши тумани “Қовчин” маҳалла фуқаролар йиғини, Манғит қишлоғида яшовчи Тўра Жўраев ва унинг жиноий шериги Баландчайла қишлоғилик Бахтиёр Садатовнинг жиноят иши кўриб чиқилди. Илгари ҳам содир этган жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, синов муддати белгиланган бу икковлоннинг яна жиноят кўчасига қадам босганлиги суд залида ўтирган ҳар бир кишини ажаблантириши табиий. Судда уларнинг қилмишлари таҳлил этилиб, тегишли далиллар орқали ўз исботини топди.

Суд ҳукмига кўра Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазосини қисман қўшиш йўли билан Тўра Жўраевга 7 йил, Бахтиёр Садатовга 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.