Буюк Британия Мьянманинг Аракан вилоятидаги вазиятни муҳокама қилиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирди, деб хабар бермоқда «Анадолу».

«Аракан муаммосини муҳокама қилиш лозим, улар узоқ вақт давомида йиғилиб қолган. Барча томонларни вазминликка чақирамиз», - дея ёзган Буюк Британиянинг БМТдаги доимий вакили Мэтью Райкрофт ижтимоий тармоқларда.

Йиғилиш 31 август кунига режалаштирилган.

Куни кеча БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Араканда юзлаб роҳиния мусулмонларнинг ўлдирилишидан ташвишда эканини билдирди.

Европа мусулмон роҳиниялар кенгаши матбуот котиби Анита Шугнинг хабар беришича, Мьянмадаги Аракан штатида қуролли кучлар аскарлари томонидан уч кун ичида 2-3 минг мусулмон ўлдирилган, 100 мингдан ортиқ инсон ўз уйидан кўчириб юборилган.