Черногория жанубида, Бар шаҳри яқинидаги ўрмонда кучли ёнғин давом этмоқда. Маълум қилинишича, ёнғин чиқишига ўрмонда адашиб қолган польшалик сайёҳ сабабчи бўлган. Бу ҳақда Бар ҳимоя хизмати бошлиғи Велизар Чаженович маълум қилди

Унинг айтишича, ёнғин ўчоғи Шушань қишлоғи яқинидаги шундай номдаги тепаликда бўлган. Сайёҳ адашиб қолиб, уни қутқарувчилар тезроқ пайқашлари мақсадида тепаликда олов ёққан. 

Бироқ қуриган ўт ва кучли шамол сигнал оловини табиий фожиага айлантирган. Черногория ҳукумати ёнғинни бостиришда қўшни Хорватиядан ёрдам сўрашига тўғри келган. Ёнғинни ўчиришда мамлакат ички ишлар вазирлигининг вертолётлари қатнашади.

Сайёҳнинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Чаженовичнинг таъкидлашича, вазият жуда жиддийлигича қолмоқда.