Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни «Хавфсиз шаҳар» дастурини тасдиқлади. У 2023 йилгача Ўзбекистоннинг барча ҳудудини қамраб олади. Қарор матни Президент расмий веб-саҳифасида эълон қилинди

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Ўзинфоком» компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий қилиш Маркази негизида Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интеграторни ташкил этиш белгиланган.  

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази Вазирлик ҳузуридаги Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш Марказига айлантириш қайд этилган. 

Ушбу Марказ ахборот хавфсизлигида замонавий таҳдидлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, йиғиш ва таҳлил қилади. Давлат идораларининг ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларига ноқонуний тарзда киришларига йўл қўймаслик юзасидан ташкилий ва дастурий-техник қарорларни қабул қилиш, тавсия ва таклифларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. 

Айни Марказ вазифаларидан яна бири «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплексини ташкил этиш билан ҳам шуғулланади. «Хавфсиз шаҳар» комплекси ички ишлар идоралари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари, видеокузатув тизимлари, қоидабузарликларни қайд этиш, биноларни қўриқлаш, эҳтимолий таҳдидлардан огоҳлантириш, интеллектуал таҳлил датчиклари ҳамда қоидабузарликларнинг олдини олиш бўйича бошқа ахборот тизимлари, навбатчи-диспетчерлик марказлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини бирлаштиради. 

Давлат ва бошқа ташкилотларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш соҳасида қоидабузарликларга қарши фаолиятини мувофиқлаштиради. 

Ахборот кенгликларида рухсатсиз ёки бузғунчи ҳаракатларни амалга оширишда қўлланиладиган усуллар ва воситалар, қонунбузарларни аниқлаш, таҳлил қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, телекоммуникация тармоқлари ва операторлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади. 

Қарорда белгиланишича, 2018 йил 1 январидан бошлаб мобиль алоқа рақамидан фойдаланганлик учун тўловларнинг 70 фоизи Ахборот–коммуникация технологияларини ривожлантириш Фондига ўтказилади.