Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси  30 август куни “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: устувор вазифалар ижроси” мавзусида матбуот анжумани ташкил этди. Унда ИИВ ҲПББ, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Маҳалла” жамғармаси ва ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Анжуманда Давлат раҳбарининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5005 сонли фармонидаги ички ишлар тизимини ривожлантириш, вояга етмаганлар ва ёшлар тарбияси, уларни ёт ғоялардан ҳимоя қилишга қаратилган ишлар ҳақида фикр алмашилди. 

ҲПББ бошлиғи, полковник Азизбек Икромовнинг маълум қилишича, республиканинг 9683 та умумтаълим мактабида 5 млн 286 минг ўқувчи таҳсил олади. 640 минг 814 бола биринчи синфга қадам қўяди. 9-синфни битирган 476 минг 585 ўқувчидан 310 минг 847 ўсмир 10-синфдаги таҳсилини давом эттиради. Қолган қисми коллеж-лицейларга қабул қилинган. 

ҲПББ ва маҳаллалар, таълим масканлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар самараси ўлароқ, йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида вояга етмаганлар жиноятчилиги 12,8 фоизга, ёшлар ўртасидаги жиноятчилик 7,9 фоизга пасайгани қайд этилди. 

Анжуманда Фарғона вилоятида синовдан ўтган ижобий тажрибани республика миқёсида қўллашга қарор қилингани ҳам маълум қилинди. Унга мувофиқ, республика ҳудудида маҳаллалар кесимида вояга етмаганлар ва ёшлар тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилмоқда. Яъни, вояга етмаганлар ва ёшлар светофорнинг уч чироғи сингари 3 тоифага ажратилади. Қизил чироқ-жиноят содир этганлар, сариқ чироқ-ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ўқимасдан, ишламасдан, қаровсиз, назоратсиз юрганлар ва яшил чироқ-намунали тарбияга эга бўлганлардир. Ушбу тоифаларнинг сариқ чироқ тоифасига киритилганларга маҳалла фаоллари, “Нуроний” жамғармасидан масъуллар бириктирилади. Уларнинг фаолияти таҳлилий баҳолаб борилади ва яшил чироқ гуруҳидаги ёшлар сафига қўшилади.