Шимолий Корея келгусида Тинч океанидаги шартли нишонларга қаратилган ракета синовларини кўпроқ миқдорда ўтказади. Бундай кўрсатмани Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин “Хвансон-12” ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилганига бағишланган 30 августдаги нутқида берди.

“Реал шароитларга яқин бўлган ушбу баллистик ракета синови армиямизнинг Тинч океанидаги илк ҳарбий-тактик қадами бўлди”, деб айтган Ким Чен Ин.

Маълум қилинишича, Ким Чен Ин ракета учирилишини полигонда туриб кузатган. У АҚШга кейинги мўлжал Гуам ороли бўлиши мумкинлиги билан таҳдид қилган.

Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея 29 август соат 6ларда ўрта-узоқ масофаларга мўлжалланган баллистик ракета синовини ўтказди. Ракета 2270 км учиб ўтиб, Япониянинг  Хоккайдо оролидаги Эримо посёлкасидан 1180 км узоқроқда Тинч океанига тушган. Ракета 550 км баландликда учта қисмга ажралиб кетган.