Италия пойтахти Римнинг шарқий қисмида маҳаллий аҳоли ва африкалик муҳожирлар ўртасида можаро чиқди. Можаро оқибатида бир африкалик жароҳат олган.

TGcom24 телеканалининг хабар беришича, можаро 29 август кечки вақт шаҳарнинг Тибуртино туманидаги қочқинларни вақтинчалик сақлаш маркази ёнида юз берган. Дастлаб маҳаллий ўсмирлар ва эритреялик 40 ёшли қочқин ўртасида низо чиққан. Гувоҳларнинг айтишича, даҳанаки жангдан кейин африкалик ўсмирларга тош ота бошлаган.

Ярим тунга яқин марказга ўсмирлардан бирининг онаси келиб, африкаликлар билан жанжални давом эттирган. 50 га яқин қочқин аёлнинг йўлини тўсиб, унинг ортга қайтишига йўл бермаган. Шунда аёл маҳаллий аҳолини ёрдамга чақирган. Оқибатда марказ маҳаллий аҳоли томондан қуршаб олинган.