Қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллик байрами ва «Шарқ тароналари» XI халқаро мусиқа фестивали ўтказилиши асносида тобора чирой очиб, ўзгача гўзаллик ва тароват касб этмоқда.

Бугун шаҳарни кезган киши бу қадимий кентда катта тўйга қизғин ҳозирлик кўрилаётганини дарров илғайди. Айниқса, Ибн Сино, Бўстонсарой, Регистон, Мирзо Улуғбек, Беруний кўчалари, Университет хиёбони, Амир Темур майдони, Шоирлар боғи, Регистон майдони ва унинг атрофида олиб борилган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари туфайли яратилган кўркам манзара киши баҳри дилини очади, деб ёзади ЎзА.

Йўл бўйларидаги бир-биридан чиройли ва ўзига хос дизайн билан яратилган гулхоналар, турли конструкцияларга ўрнатилган гуллар, байрам руҳини берувчи кўргазмали воситалар тунги чироқ ва иллюминациялар ёғдусида янада мафтункор жозиба касб этади. Турфа ранг чироқлар билан безатилган фавворалар мусиқа оҳангига монанд кўкка отилиб, кишига бир олам завқ бағишлайди.

— Шаҳар кўчаларига хориждан келтирилган 1,5 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилди, — дейди шаҳарни безатиш гуруҳи аъзоси Ш.Йўлдошев. — Икки миллион туп гул кўчати ўтқазиш ишлари бошлаб юборилган. Анжуман бошлангунга қадар шаҳарнинг йирик чорраҳаларида композицияли гулзорлар барпо қилинди. Бундан ташқари, турли кўринишдаги конструкциялар тайёрланиб, гуллар ўрнатилди. «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан Самарқанд шаҳри кўчалари фестиваль руҳига мос шиорлар, кўргазмали воситалар билан безатилди.

Фотосуратлар ўз мухбиримизники