Техас штатининг Бразориа округида “Ҳарви” довули сабабли кучли тошқин давом этмоқда. Бу ердаги Аддикс тўғонидан сув тоша бошлади. Бу ҳақда Washington Post нашри хабар бермоқда.

Аввалроқ муҳандислар Аддикс тўғони атрофидаги ҳудудлар сув остида қолишига йўл қўймаслик мақсадида тўғондаги сувни чиқара бошлашганди.

Бироқ 29 августда тўғондаги сув сатҳи у ушлаб тура оладиган максимал даражадан кўтарилган.

Тошқин юз бериши мумкинлиги сабабли аҳолига зудлик билан хавфсиз ҳудудга кетиш ёки баландроқда бошпана топиш буюрилган.

Техасдаги мисли кўрилмаган миқдордаги ёғингарчилик минглаб одамларни Хьюстон шаҳри ва унинг атрофида сув остида қолган уйларини тарк этишга мажбур қилди. Қутқарувчилар мустақил кета олмаётган одамларни эвакуация қилишни бошлашган.

Шунингдек, Хьюстонда мародёрлик ҳолатлари кўпаётгани сабабли комендантлик соати киритилган. Комендантлик соати кечки соат 22дан эрталабки соат 5гача амал қилади.