«Арсенал»нинг собиқ футболчиси Эммануэль Пети «канонирлар» жамоаси муаммолари ҳақида гапира туриб, Месут Ўзилни танқид қилди.

«У вақтида яхши ўйнарди. Ҳа, Ўзил ҳали ҳам жамоага ёрдам бериши мумкин, аммо мен у яна аввалги формасига қайта олади, дея олмайман. Мавсум бошланиб кетди? Унинг статистикасига қаранг. (3 ўйин, битта ҳам гол ва голли узатма йўқ – таҳр).

Ҳаммасидан ҳам кўра, мени унинг футболга муносабати хафа қилади. Унинг майдонда масъулиятсизлик қилишидан ғазабланаман. Ўзил жамоадошларига ёрдам бермайди. Венгер нега уни ҳалигача жамоада ушлаб турганини тушунмайман. Агар мен мураббий бўлганимда шундай дердим: «Месут, кетасанми? Ана эшик, уни ташқаридан ёпиб кет!». Аммо Венгер бўлганимда, айтардим: «Йўқол!», – деган Пети.

Франциялик собиқ футболчи пойтахтликлар клубига «Лестер»дан Риёз Маҳрезни олишни тавсия қилган.

«У Англия чемпионатини жуда яхши билади. Маҳрез – премьер-лигадаги энг яхши футболчилардан биридир. Ўйлайманки, Риёз «Арсенал» ўйин услубига осонгина мослашади ва ўнг қанотдаги муаммоларни ёпади.

Ҳимоя ҳақида қайғуришни бас қилиш керак. Менимча тўпни ўз дарвозангдан узоқда тутишинг гол ўтказмасликни таъминлайди. Тўп билан яхши муомала қиладиган, уни жамоада сақлай оладиган футболчиларни топиш керак. 

Мен мураббий бўлганимда, жамоамда дриблерларни – ўз ҳаракатлари билан рақибни уялтира оладиган футболчиларни ўйнатган бўлардим. Тезкор ва ақллисини. «Арсенал»да бундай футболчи фақат битта, бу эса Алексис Санчес. Албатта, жамоада тезкор футболчилар кўп, аммо уларнинг техникаси яхши эмас», – дея франциялик собиқ футболчи сўзларини келтирган ESPN FC.