Яқинда бир аёл норасида фарзандлари билан Ўзбекистон МТРК ёнида, бундан ташқари, ҳукуматнинг турли идоралари олдида ётиб юриб, ёрдам сўраб мурожаат этгани ҳақидаги видео интернетда анчайин оммалашди. Биз мазкур вазият билан яқиндан танишиш мақсадида аёлга қўнғироқ қилдик. Маълум бўлишича, у Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги маҳаллалардан биридаги хонадонда ижара асосида турар экан. Хонадонга ташриф буюрдик.

Каталакдек келадиган ҳовли ва унда жойлашган икки хонали уйда яшаётган беш жон эътиборимизни ўзига тортди. Кириб борганимизда аёл тўшакда ётар, маълум бўлишича, жуда қаттиқ касалликка чалинган экан. Унинг ёнида ётган 8 яшар ўғли ҳам касал. Аёлни суҳбатга тортдик.

- Мен Садинова Шарофат Қосимовна Қашқадарё вилояти Китоб туманиданман. 1976 йилда туғилганман, - деди у. - 3 нафар фарзандим бор, шулардан бири ногирон. Ободонлаштиришда ишлар, 240 минг сўм ойлик олар эдим. Шундан 150 минг сўмини ижарага тўлар эдим. Ҳозирги кунларда ижара хақи тўлолмаяпман, чунки ҳозир ишга чиқолмаяпман. Шифокорларга учрашганимда, улар бошим менингит бўлгани, белимда эса “грижа” борлигини айтишди.

Шарофат Садинованинг маълум қилишича, у болалари билан 19 август куни Тошкентга келади. “Ўзбекистон 24” ва Халқаро Пресс-Клубга мурожаат қилиб, телевидениега олиб чиқишларини илтимос қилади. Аммо натижа бўлмайди. 

Фото: KUN.UZ

- Бизни Вазирлар Маҳкамасига жўнатиб юборишди. Аммо у ерда ҳам натижа бўлмади. Шу куни кечқурун Президент Девонининг олдига тунаш учун келдик. Ерга жой қилиб ётдик. Аммо ярим оқшом Қашқадарёдан 4 нафар киши келиб, “юринглар ҳоким чақираябди, уй-жой қилиб беради”, деб мени алдаб олиб кетишди. Сўнгра мени алдаб, эртаси куни жўнатиб юборишди. Нима қилишни ҳам билмай қолдим. Ҳозир-ку майли, сал бўлса ҳам кунлар иссиқ, кўчаларда тунаб юраман. Эртага совуқ кунларда қаерга бораман? – деди аёл кўзига ёш олар экан. 

Шарофат опа кўчаларда санғиб юрган бир пайтда айрим саховатли одамлар унинг пластик карочкасидаги рақамига пул ўтказиб беришади. Аёл ижара пулини тўлаб, ўзи илгари яшаган уйига кириб олади. Аммо рўзғор деган нарсалар бор, болаларнинг саломатлигига, уларнинг кийим-кечаги ва бошқа тўловларга қийналаётган аёл, ҳақиқатда ҳам ўзи айтганидек нима қиларини билмай боши қотган. Бунинг устига яқинда маълум бўлишича, оилани уй эгаси чиқариб юбораётган экан. Аёл бемор боши билан ижара уй топишга маҳкум.

Айни дамда аёл Китоб туманидаги шифохонага даволаниш учун ётқизилган. Унинг иккинчи ўғли ҳам бетоб. Аёлнинг катта қизи 17 ёшда. Уларнинг уйи, моддий таъминоти йўқ.

KUN.UZ хайрия акцияси ташкил этиб, мазкур оилага ёрдам беришни мақсад қилди. Орамизда саховатли инсонлар бўлса, Шарофат Садиновага уй олишда, унинг даволанишига ва иш билан таъминланишига ўз кўмакларини аямасликларини сўраб қолган бўлар эдик.

Шарофат Садинованинг қўшимча маълумотлари:

Пластик карта рақами: 8600 0423 9509 5150
Мурожаат учун телефон рақами: +998 91 5604634