Америкалик сармоячи ва мультимиллиардер Уоррен Баффетнинг Berkshire Hathaway холдинг компанияси АҚШнинг йириклиги бўйича иккинчи банки Bank of America’нинг 700 млн та акциясини сотиб олиб, унинг энг йирик акциядорига айланди. Банкнинг 2013 йил 31 декабрдаги активлари 2,187 трлн долларни ташкил қилган. 

Энди Berkshire АҚШнинг йириклиги бўйича иккинчи ва учинчи банкларининг энг йирик акциядори бўлди. Холдинг компаниясига Bank of Ameriсa’нинг 6,6 фоизга яқин улуши ва Wells Fargo & Cо’нинг 10 фоиз улуши тегишлидир. Berkshire банкнинг акцияларини каттагина чегирма билан харид қилди: савдолар ёпилишидан аввал 23,58 доллар турган акция компанияга 7,14 доллардан тушган.

Berkshire акцияларни сотиб олишда банкнинг 5 млрд долларлик имтиёзли акцияларини айрибошлади. Баффет бу акцияларни 2011 йил августида сотиб олганди ва банкнинг 700 млн та акциясини 7,14 доллардан сотиб олиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Банкнинг Berkshire’да бўлган оддий акциялари умумий нархи битимдан кейин 16,5 млрд долларни ташкил қилган ва у шу тариқа 11,5 млрд долларлик фойда кўрган. 

Айни вақтда Berkshire 90 дан кўпроқ компания, жумладан Geico суғурта компанияси, Dairy Queen тамаддихоналар тармоғи ва Шимолий Американинг трансконтинентал BNSF Railway темир йўлига эгалик қилади.