Ўзаро алоқа алмашиш имкониятига эга Alexa ҳамда Cortana овозли ёрдамчилари Microsoft ва Amazon муҳандис-дастурчилари томонидан такомиллаштирилиши маълум бўлди.

Рақамли технологиялар оламида Apple'нинг Siri, Google'нинг Assistant, Microsoft'нинг Cortana ҳамда Amazon'нинг Alexa овозли ёрдамчилари ўзаро рақобатга киришган. Microsoft вакили Сатья Наделланинг айтишича, эндиликда Alexa ва Cortana ўзаро мулоқот қила олади, ёрдамчилар бир-бирига буйруқ бериб, мураккаб вазифаларни бажаради.

Чоршанба куни эълон қилинган янгиликка асосланиб New York Times'нинг маълумот беришича, икки компания техниклари жорий йилнинг охиригача бирмунча натижаларни қўлга киритишни режалаштирмоқда. Аслида икки улкан технологик компанияларнинг муҳим лойиҳа устида ҳамкорликни йўлга қўйиши кутилмаган ҳодиса ҳисоблансада, Жефф Безос ва Сатья Наделланинг фикрича, бундай «қайсарлик» уларни шиддатли ривожланиш оқимида «чўкиб» кетишга маҳкум этади.

Мустақил мутахассисларнинг фикрича, бундай тадрижий ўзгаришлар «сунъий онг»ни яратиш йўлидаги навбатдаги уринишлардан бири бўлиб, компаниялар мукаммал туркум онг сифатларини яратмоқчи.