2017 йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатга ташриф буюрган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) Бош директори Абдулазиз Усмон ал-Тувайжрий билан учрашди

Меҳмон юртимизга ташрифи ва Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси» номли халқаро конференция ҳамда «Шарқ тароналари» мусиқа фестивалининг очилиш маросимида иштирок этишдан олган таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.

ТИВдаги суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ISESCO ўртасидаги муносабатларнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Абдулазиз Усмон ал-Тувайжрий якунланган Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислиги шиори – «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли», ИҲТ ТИВКнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 43-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслари ISESCOнинг мақсад ва вазифаларига тўлиқ мос тушишини алоҳида таъкидлади ҳамда жорий йилнинг 26 август куни Тошкент ислом университети ҳузурида ислом тамаддунини ўрганиш бўйича ISESCOнинг Махсус кафедраси очилиши буни тасдиқлашини қайд этди.

Музокаралар якунида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ISESCO Бош директори Абдулазиз Усмон ал-Тувайжрийга Ўзбекистон номидан мазкур ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида кириш истаги тўғрисидаги ёзма номани топширди ҳамда ISESCO низомини расман имзолади.