YouTube видеосервиси ўз иловасининг янги дизайни ва платформанинг десктоп версиясини намойиш этди. Шунингдек 12 йилда биринчи марта сайтнинг логоси ўзгарди. The Verge шу ҳақида маълум қилди. 

YouTube'нинг дизайн бўлими раҳбари Кристофер Беттигнинг таъкидлашича, ресурсда юз берадиган ўзгаришларни "эволюция" деб аташ мумкин. Унга Material Design концепцияси асос қилиб олинган: ресурсдан матн киритиш шаклининг катта қисми, "қутичалар" ва "соя"лар олиб ташланди. 

Асосий янгиликлардан бири вертикал видеороликларнинг қўллаб-қувватланиши бўлди. Энди фойдаланувчилар вертикал видеоларни ўз мобил қурилмаларида қора ҳошиясиз кўришлари мумкин бўлади. Шунингдек сайтнинг мобил версиясида экранга икки марта босиб, видеони орқага ёки олдинга айлантириш имкони пайдо бўлди. 

Бундан ташқари, фойдаланувчилар сайтнинг асосий "мавзу"сини тўқроғига алмаштиришлари мумкин бўлади: биргина "клик" билан оқ фон қора фонга айланади. YouTube вакилларининг таъкидлашича, тез орада бутун дунё фойдаланувчилари сайтни янгилаш имконига эга бўлишади.