БМТ бош котиби Антониу Гутерреш Иккинчи жаҳон уруши тарихини қайта ёзиш бўйича ҳаракатлар, Холокостни рад этиш ва европалик яҳудийларнинг қирғинига алоқадор бўлган шахсларни реабилитация қилишни қоралади.

У “қатор давлатларда” кузатилаётган бундай ҳолатларни антисемитизм ва муросасизликнинг замонавий шакллари қаторида тилга олди.

"Холокостдан сўнг БМТнинг ташкил этилиши дунё шундай нафрат ва зўравонликдан қочиши мумкин эканига умид берди. Бироқ, антисемитизм ва муросасизлик ташвишли ҳолат бўлиб қолмоқда", - деди Гутерреш Тель-Авивдаги яҳудий халқи Музейида чиқиш қилиб.

"Аниқ далил-исботлар бор эканига қарамай, Холокостни рад этаётган ёки унинг кўламини камайтираётган шахслар ҳамон бор. Баъзи давлатларда Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ тарихни қайта ёзиш ҳамда Холокост фожиаси ва жиноятларга алоқадор бўлган қатор шахсларни реабилитация қилиш тенденцияси кўзга ташланмоқда", - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Гуттерешнинг Тель-Авивдаги чиқиши унинг БМТ бош котиби сифатида Яқин Шарқ минтақасига илк ташрифини якунлаб берди. У бу ерда Исроил ва Фаластин раҳбарлари билан музокаралар ўтказди, Ғазо секторига борди.