Сўнги ўн йил давомида Ўзбекистон ҳукумати сув таъминоти ва санитария соҳасига катта маблағлар инвестиция қилди. Бу соҳадаги лойиҳаларга жалб қилинган давлат маблағлари портфели Марказий Осиёдаги энг йириги ҳисобланади, дейилади Бутунжаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан KUN.UZ’га тақдим этилган маълумотларда.

Гарчи бу масалада маълум бир ривожланишга эришилган бўлса-да, айрим ҳудудларда аҳоли ҳамон тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Масалан, қишлоқ жойларда кўплаб хонадон хўжаликлари водопровод тармоғига уланмаган. Уланган жойларда эса ичимлик сувининг сифати пастлиги каби муаммолар бор.

Бутунжаҳон банки бу борада аҳволни яхшилаш учун бир неча йирик лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам бериб келмоқда. 1996 йилдан буён ушбу халқаро молия институти Қорақалпоғистонда, шунингдек, Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида водопровод ва канализация тизимларини модернизация қилиш учун 450 миллион долларга яқин маблағ ажратган.

Яқинда Бутунжаҳон банкининг лойиҳавий жамоаси Сирдарё вилоятига келди ва вилоятнинг 280 минг аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги лойиҳанинг амалга оширилиш жараёни билан танишди. Вилоятнинг Сардоба, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин ва Ховос туманларидаги водопровод тизимини реконструкция қилиш ва ривожлантириш учун  илгарироқ Бутунжаҳон банки 88 млн. АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратган эди. Лойиҳага мамлакат ҳукуматининг ўзи 12 миллион доллар маблағ ажратган.

Айни пайтда Сирдарё вилоятининг шаҳар ва қишлоқлари эскирган маҳаллий сув тармоқлари ва алоҳида қудуқлар орқали сув билан таъминланади. Бу инфратузилма жуда эскирган. Аҳолининг 25 фоизи ичимлик сувидан тўғридан-тўғри фойдалана олмайди ва сув сақловчи сиғимлардан фойдаланишга мажбур. 55 фоиз оилага сув кунига 6 соатдан камроқ вақт берилади. Фақатгина аҳолининг 10 фоизи туну-кун сувдан фойдаланиш имкониятига эга.

Бутунжаҳон банки томонидан лойиҳа раҳбари Дэвид Лорд шундай дейди: «Айни пайтда Сирдарё вилоятидаги минглаб хўжаликлар тоза ичимлик сувига эга бўлиш борасида муаммоларга дуч келишмоқда, айниқса, жазирама ёз ва қаҳратон қиш фаслларида. Бундайлар одатда даромади паст бўлган оилалардир ва сувни бошқа манбалардан олиш учун қўшимча харажатлар қилишларига тўғри келади. Масалан, баъзи бир қишлоқ ҳудудларида энг яқин водопровод колонкасига 2 км йўлни пиёда босиб ўтиш учун кунига 6 соат сарфлашларига тўғри келади. Боз устига, бу ҳолатда узоқ навбатда туриб, оғир юк билан уйга қайтиши ҳам керак. 2019 йили инфратузилма тўлиқ ишга туширилгач, вилоятда вазият тубдан ўзгаради». 

Лойиҳага кўра 1500 км янги водопровод ва сув ўтказиш қувурлари ётқизиш назарда тутилган. Улар орқали ер ости сув манбаларидан сув етказилади. 40 та сув тақсимлаш пункти, 32 та сув тўплаш минораси, 2 та сувни хлор билан зарарлантириш станцияси барпо этилади. Натижада, модернизация қилинган тизим вилоятнинг 93 аҳоли пунктидаги 47 минг уй хўжалигини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашга ўтади. Уларнинг барчаси индивидуал сув ҳисоблаш тизими билан жиҳозланади. Сувни истеъмолчиларга етказишда йўқотишлар миқдори 40,2 фоиздан 14 фоизгача камайтиришга эришилади, уни кунлик истеъмол қилиш эса киши бошига ҳозирги суткасига 15,2 литрдан 95 литргача, шаҳарларда эса 125 литргача кўпаяди.