Дунёнинг энг катта 6 та банки – Barclays, Credit Suisse, Canadian Imperial Bank of Commerce, HSBC, MUFG ва State Street рақамли валюта яратиш бўйича лойиҳага кирди. Улар валютани кейинги йилда ҳисоб-китоблар ва молиявий битимлар клиринги учун жорий қилишмоқчи. Бу ҳақда The Financial Times нашри хабар бермоқда. 

UBS яратишни бошлаган криптовалюта устида Deutsche Bank, Santander, BNY Mellon ва ICAP банклари ҳам ишламоқда. Бу валюта utility settlement coin (тўлов учун қулай пуллар) деб номланган. Банклар, шунингдек, марказий банклар ва тартибга солувчилар билан музокаралар олиб бормоқдалар, 2018 йил давомида эса йил охиригача криптовалюта билан биринчи операцияларни бошлаш учун улар билан ҳамкорлик ҳақида келишувга эришиш режалаштирилмоқда.  

UBS’нинг молия-технологик инновациялар бўйича директори Хайдер Жеффрининг айтишича, технологияни жорий қилиш бир неча босқичда ўтади. 2018 йил охиригача амалга оширилиши режалаштирилаётган биринчи қадам банклар ўртасида турли валюталарда тўловларни амалга ошириш бўлади. Технологияни қимматбаҳо қоғоз билан операцияларга жорий қилиш мураккаброқ, чунки бунинг учун уларнинг ўзини блокчейнга ўтказиш керак, йўқса вақтни тежаш ва захиралар учун капитални камайтириш кўринишида наф олишнинг иложи бўлмайди.

Блокчейн технологияси транзакциялар ҳақидаги маълумотни блоклар кўринишида структуралашга асосланган. Транзакция амалга ошган деб ҳисобланиши учун уни математик “тасдиқлаш” керак, шундан кейин транзакциялар гуруҳи блокка ёзилади. Блокчейннинг асосий хусусияти унинг ўзгармаслигидир: битим ҳақида базага киритилган маълумотни ўчириб ҳам, таҳрир қилиб ҳам бўлмайди. Ҳаттоки энг кичик таҳрир ҳам катта ҳажмдаги ҳисоблаш ресурсларини талаб қилади.