Биринчи фазогир Юрий Гагарин Forbes журнали талқинига кўра “Асрнинг энг нуфузли руслари” рейтингига бошчилик қилмоқда. Бу рейтингга Россия тарихида ўчмас из қолдира олган 100 нафар шахс киритилган.

Таъкидланишича, журналнинг мутолаачилари иштирок этган дастлабки овоз беришда Гагаринга 52,2 фоиз овоз берилган. Гагариндан ташқари етакчи учталикка Иосиф Сталин ва Владимир Путин киритилган.

Нашрда айтилишича, рейтингни тузиш жараёни сермашаққат бўлган ва бир неча босқичда ўтган. Forbes’га “буюк руслар”ни танлашда бир неча мутахассислар ва маслаҳатчилар, жумладан Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, кинотанқидчилар, мусиқий танқичдилар ёрдам беришган.

Рейтингга ХХ асрда яшаган россияликлардан ташқари, ХХI асрда ҳам ҳаёт бўлган шахслар киритилди. Жумладан, бундай шахслар рейтингнинг 21 та поғонасидан жой олган.

Рейтингда собиқ иттифоқнинг охирги президенти Михаил Горбачёв, опера қўшиқчиси Фёдор Шаляпин, кинорежиссёр Леонид Гайдай, қўшиқчи Алла Пугачёва, шоир ва ёзувчи Сергей Михалков, “ВКонтакте” ва Telegram асосчиси Павел Дуров, хоккейчилар Александр Овечкин ва Владислав Третьяк каби машҳур шахслар исмлари бор.