Ўзбекистон бундан йигирма олти йил олдин ўз ­тақдирини ўзи мустақил ­белгилаш ҳуқуқига эга бўлди. Мустақил тараққиёт йўлига чиқди.

Йигирма олти йил аслида асрларни қаритган тарих учун лаҳзага тенг. Бироқ ана шу йиллар халқимиз учун нечоғли муҳим аҳамиятга эга бўлганини бугун ҳар биримиз юракдан теран ҳис қиламиз. Шу давр мобайнида янги авлод камолга етди. Энг муҳими, ҳаёти маъно-мазмуни, мақсад-муддаоси ва онгу дунёқараши тубдан ўзгарган юртдошларимизни мустақилликни янада мустаҳкамлаш, тинчлик ва осо­йишталигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, баркамол авлодни тарбиялаб, Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрў-эътибори ва нуфузини тобора юксалтиришдек эзгу мақсадлар бирлаштирган.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари мингдан зиёд респондентлар ўртасида ўтказган галдаги сўров фуқароларнинг мамлакатимизда кечаётган ўзгаришларга муносабати ҳамда айни чоғдаги кайфияти билан яқиндан танишиш имконини берди.

 

Юрт равнақига дахлдорлик туйғуси

Мустақиллик куни — халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми. Сўров натижалари фуқароларимизнинг 94 фоизи ушбу байрамни кўтаринки кайфиятда, фахр ва ифтихор туйғуси билан кутиб ­олаётганини тасдиқлади.

Турли ёшдаги, турли миллатга мансуб барча ўзбекистонликлар учун, ҳеч бир истисносиз, истиқлол — энг олий қадрият ва улар ўз тақдирини, келажагини Ватандан айро тасаввур қилолмайди. Эътиборлиси, халқимизда юрт равнақи учун дахлдорлик, шу­нингдек, масъулият туйғуси ­сезиларли равишда ўсди. Буни респондентларнинг 80,4 фоизи қайд этди.

Айтиш жоизки, мутлақ кўпчиликнинг фикрича, масъулият туйғуси ҳар бир ишга виждонан ёндашиш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиш, она-Ватанга ҳамиша ­хизмат қилишга тайёр бўлиш ҳамда қонунларга бўлган ҳурматида ўзининг амалий ифодасини топади.

Ўтказилган тадқиқот юртдошларимиз, хусусан, ёшларда ватанпарварлик туйғуси юксак эканини ҳам кўрсатди. Қатнашчиларнинг 86,8 фоизи ўтган йигирма олти йил мобайнида фуқароларда ватанпарварлик даражаси ўсди, деб ҳисоблайди.

 

Барча ютуқларимиз омили

Сўровда иштирок этганларнинг мутлақ катта қисми — 97,3 фоизи мамлакатда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, ижтимоий-­сиёсий, миллатлараро, динлар­аро ва ҳарбий ихтилоф ҳамда зиддиятларнинг йўқлиги, халқимизнинг осуда ҳаёти мустақиллигимизнинг бош ютуғи ҳисобланишини таъкидлади. Миллатлараро тотувлик ҳукм сураётгани, тиллар, маданиятлар ва анъаналар ривожи Ўзбекистоннинг ўзига хослигидир.

 

97,9 фоиз респондент ўзини қонун ҳимоясида, деб билади. Барча ёшдаги фуқароларимиз шахсий хавфсизлиги таъминланганидан, кўча-кўйда, жамоат жойларида илғор технологияларни, видеокузатув тизимини жорий қилиш орқали осойишталикни, тартиботни таъминлаш чоралари кўрилаётганидан қониқади.

84,4 фоиз қатнашчилар фикрича, жамиятимизда қонун устуворлиги тамойилининг мустаҳкамлангани ғоятда муҳим аҳамият касб этади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш даражаси ҳам эътирофга лойиқ. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ­ташаббусига кўра, халқ билан мулоқотнинг янги тизими шакллангани натижасида турли соҳалардаги долзарб муаммолар ижти­моий адолат ва қонун талабларига мувофиқ ҳал қилинишига одамларимизда ишонч ҳисси ортган.

Сўралганларнинг 96,3 фоизини мамлакатимизда сўз ва фикр эркинлиги кафолатлари қониқтиради. Бу кўрсаткич ўтган йиллардаги натижалар билан таққосланса, ўсиш 3,5 фоизни ташкил этади.

Ижтимоий сўровнинг кўрсатишича, фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги — 96,6 фоизи давлатимизнинг ташқи сиёсатини ижобий баҳолайди. Уларнинг эътироф этишича, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз мавқеига, муносиб нуфузга эга. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатилган. Шу билан бирга, халқаро ташкилотларнинг ишида фаол қатнашмоқда, минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига салмоқли улуш қўшаяпти. Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техник соҳаларда ўзаро мақбул алоқаларни фаол ривожлантирмоқда.

 

Фаровонлик манбаи

Сўровда 97,4 фоиз иштирокчи мамлакатимиз иқтисодий ривожидан қониқишини билдирди. Ҳар иккинчи иштирокчи иқтисодиётни модернизациялаш ва уни изчил юксалтириш жараёнларига алоҳида урғу берди. Таъкидланганидек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифаларнинг амалиётга татбиқ қилинаётгани иқтисодий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.  “Ургут”, “Fиждувон”, “Қўқон”, “Ҳазорасп” эркин иқтисодий ­зоналарининг ташкил этилиши, юртдошларимизнинг фикрича, мамлакат иқтисодий тараққиётини янада жадаллаштиришга, инвестицияларни жалб қилишга, аҳолининг бандлигини оширишга замин яратади.

Сўровда мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиётида эришилган асосий натижалар ­билан боғлиқ саволга 97,9 фоиз респондент “бу иқтисодиёт ­тармоқларининг мувозанатли ва самарали ривожланиши”, деб ­жавоб берди.­

Кўпчиликнинг (83,5 фоиз) ишонч билдиришича, мамлакатимиз ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, миллий иқтисодиётимизда рақобатдошликни ошириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, фермер хўжаликларининг, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи бозордаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш ишларида муҳим ютуқларга эришди. Юртдошларимиз ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, жумладан, енгил автомобиллар, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, пойабзал ва чарм маҳсулотлари дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилинаётганидан фахрланадилар.

84,2 фоиз иштирокчининг фикрича, йигирма олти йил давомида Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилган иқтисодий ислоҳотлар кишиларга ўз салоҳиятини кенг намоён қилиши учун имкон берди. Аҳолининг турмуш даражаси ва сифати, оилалар фаровонлиги юксалди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида хусусий мулкни ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширишига 90,8 фоиз респондентнинг ишончи комил. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти жорий қилиниши бу йўлдаги яна бир дадил қадамдир.

 

Эртанги кунга ишонч мустаҳкам

Тадқиқотнинг ҳар иккинчи иштирокчиси ўтган даврда ўзининг моддий аҳволи ва турмуш шарт-шароитларини яхшилаб ол­ганини айтди. Ҳар учинчи қатнашчи ижтимоий мақоми ошганидан мамнунлигини билдирди.
22,6 фоиз респондент ўз бизнесини очган, тадбиркор ёки фермер сифатида фаолият юритмоқда. Респондентларнинг 13 фоизи мамлакатимиздаги, шунингдек, чет эллардаги олий ўқув юртларида замонавий таълим олган. Булардан кўринадики, одамларимизда ўз ҳаётини яхшилаш учун курашиш кўникмаси, шунингдек, жамият ва давлатнинг эртанги кунига ишончи юқори даражада.

Йигирма олти йилда Ўзбе­кистон аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш шароитларини яхшилаш, бандликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали ­сиёсат олиб борди. Буни 84,6 фоиз респондент эътироф этган.

Оила институтини ривожлантиришда жамият ва давлатнинг роли ортди. 95,1 фоиз респондентларнинг кўрсатишича, жамиятда аёлларнинг нуфузи юксалди. 95,9 фоиз респондентлар кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликка эътибор қаратдилар. 86,3 фоиз иштирокчининг фикрича, мустақиллик йилларида юртимиз фуқаро­ларининг таълим олганлик ­даражаси ­сезиларли равишда ўсди. Бу таълим тизимидаги ­ислоҳотларнинг ҳаётбахш самарасидир.

Умуман, мазкур сўров мамлакатимиз аҳолисида ижтимоий фаоллик юксак эканини кўр­сатди. 81,1 фоиз иштирокчи ­келажакка, давлатимизнинг янада гуллаб-яшнашига қатъий ишонади.