Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги шахтада метан гази портлаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон фавқулодда вазиятлар қўмитаси вакили Руслан Иманкулов маълум қилди

“Бугун, 31 августда соат 4ларда Қарағанда вилояти Шахтинск шаҳридаги, “Арселор Миттал Темиртау”га қарашли Казахстанкая шахтасида метаннинг тўсатдан портлаши юз берди. Бу вақтда шахтада 136 кончи бўлган. Шахтанинг авария юз берган қисмида 4 киши бўлган”, деб маълум қилган Иманкулов.

Унинг айтишича, мавжуд маълумотларга кўра тириклик аломатлари бермаётган 3 киши шахта ишчилари томондан аниқланган.

“Воқеа жойида инвестиция ва ривожланиш вазирлигининг саноат ривожланиши ва саноат хавфсизлиги қўмитасининг профессионал ҳарбийлаштирилган авария-қутқарув хизмати мутахассислари ишлашмоқда”, деб қўшимча қилган мутахассис.