Мексика ташқи ишлар вазири Луис Видегарайнинг маълум қилишича, мамлакат эркин савдо тўғрисидаги Шимолий Америка келишуви бўйича музокаралардан бош тортиши мумкин. Бу ҳолат АҚШ яна ундан чиқиш ҳақида таҳдид қиладиган бўлса, рўй беради, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

Агентликнинг аниқлик киритишича, аввалроқ Америка президенти Дональд Трамп АҚШ Канада ҳамда Мексика билан қулай савдо келишувларига эришиш учун NAFTA’дан чиқиши лозимлиги ҳақида маълум қилган.

Мексика ташқи ишлар ва иқтисодиёт вазирларининг ташрифи давомида АҚШ савдо вазири Уилбр Росс билан учрашув ўтказилди. Унинг давомида ҳар икки давлат вакиллари NAFTA бўйича «жиддий» музокараларни давом эттиришга келишиб олишди.

Келишув бўйича музокараларнинг биринчи тури Вашингтонда августда якунланди. Иккинчи тур Мексикада 1-5 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.

Аввалроқ Трамп NAFTA'ни тарихдаги энг расво савдо битими, деб атаганди.